СКИЛ

СКИЛ (юн. Skyles) — скифлар подшоси (мил. ав. 5-а.). Геродотнинг ёзишича, Скил скифлар подшоси Ариапейт (Ариапиф) ва Истрополь ш. дан бўлган юнон қизининг фарзанди бўлган. Онаси Скилга юнон тили ва ёзувидан таълим берган. С. Ольвия ш. да катта уй солдирган, унда барча нарсаларда эллинларга таклид қилиб, эллинча яшаган ва эллинлар удуми бўйича маъбудларга қурбонлик қилган. Бундан хабар топган скифлар Скилга қарши исён кўтарган. У Фракия подшоси Ситалк ҳузурига қочиб борган. Скифлар ва фракияликлар ўртасидаги уруш даврида Скил биродари Октамасадга топширилган ва қатл этилган.