СИСТЕМА

СИСТЕМА (юн. systema — яхлит, қисмлардан таркиб топган, бириккан) — 1) ишҳаракат, меҳнат, техник жараёнлар ва шу кабилардаги қисмларнинг ўзаро боғликлигидаги тартибот, тизим; 2) нарса, ҳодиса, тушунча ва б. нинг таснифи;

3) муайян тарзда ўзаро боғланган ва бир қадар яхлитликни ташкил этадиган элементлар мажмуи. Система ҳақидаги биринчи тасаввурлар антик фалсафада шаклланган. Юнон фалсафаси ва фанида Система тушунчаси билимларга нисбатан қўлланилган (Евклид, Платон, Аристотель ва б.). Кейинчалик бу тушунчани Б. Спиноза ва Г. Лейбниц ривожлантириб, умуман борлиққа нисбатан татбиқ қилган. Янги давр фалсафаси ва фанида Система тушунчасидан илмий билимларни таҳлил қилишда фойдаланилган. Билимларнинг Система лилик тамойилларини немис файласуфлари И. Кант, Ф. Шеллинг, Г. Гегель ишлаб чиққан. 19-а. нинг 2-ярмидан бошлаб, Система тушунчаси илмий билимларнинг турли соҳаларига кириб борди. Бунда эволюцион назария, нисбийлик назарияси, квант физикасининг яратилиши, структурал лингвистика ва б. нинг вужудга келиши катта аҳамиятга эга бўлди. Система тушунчаси яхлитлик, тузилиш, алоқа, муносабат тушунчалари билан узвий боғлиқдир. Система тушунчаси ниҳоятда кенг кўламда қўлланади. Умуман воқеликдаги ҳар қандай объектга Система сифатида қараш мумкин. Система бир неча муҳим белгилар — яхлитлик, тузилмалилик, муҳит билан ўзаро алоқадорлик ва шу кабиларга эга бўлиши керак.

Системаларни моддий ва абстракт Система ларга бўлиш мумкин. Моддий Системалар, ўз навбатида, анорганик табиатли Системалар ва жонли Система ларга ажралади. Жонли Система ларга энг оддий биологик Системалар ҳамда мураккаб биологик объектлар (организм, тур, экологик Система) киради (қ. Систематика). Моддий жонли Система ларнинг алоҳида туркумини ижтимоий Системалар ташкил этади (мас, уруғ, қабила, қавм, табақа, элат, жамият ва ҳ. к.). Абстракт Системалар инсон тафаккури маҳсулидир, улар ҳам кўп хилларга бўлиниши мумкин (мас, тушунчалар, гипотезалар бундай Система ларнинг алоҳида кўринишларидир).

Системаларни бошқача таснифлашга кўра, статик ва динамик С. ларга ажратиш мумкин. Статик Системага вақт ўтиши билан бир ҳолатда қолиш хос бўлса, динамик С. эса вақт ўтиши билан ўз ҳолатини ўзгартира боради.

Ҳоз. давр фан ва техника тараққиёти хўжаликни бошкариш ва миллий миқёсда ахборотлар тўплаш ҳамда ўрганишнинг автоматлаштирилган С. ларини ишлаб чиқиш ва амалда қўллашни талаб этмоқда. Турли С. ларни тадқиқ қилиш б-н боғлиқ масалалар С. ларнинг умумий назарияси, кибернетика, системотехника, системали анализ ва шу кабилар доирасида ўрганилади.