СИРКАДАРАХТ

СИРКАДАРАХТ (Rhus coriaria L.) пистадошлар оиласига мансуб бута ёки дарахт. Бўйи 0,5—5 м. Барглари мураккаб, тоқ патсимон, яшил, кузда қизил рангга киради. Гули новдаларининг учида рўваксимон ёки шингилсимон ғуж жойлашган. Июнь — июлда гуллаб, сент — окт. да мевалайди. Уруғи, новдаси ва илдиз бачкисидан кўпаяди. Жан. мамлакатларда, Ўзбекистонда Сурхондарё вилоятидаги дарёларнинг сершағал қирғокларида ўсади. Манзарали ўсимлик. Меваси нордон ва хушбўй, иштаҳа очади, овқатни тез ҳазм қилади. Халқ табобатида оғиз ва милк жароҳатлари, томоқ оғриғида ишлатилади. Барглари, илдизлари, пўстлоғи, ёш новдалари ва меваларида терига, юнгга, ипакка ва ҳар хил газмолларга ранг беришда қўлланиладиган таннин (13—22%), галлат, пирогаллат, вино ва сирка кислоталари, кварцетин, рамнетин, мирицетин ҳамда витамин С бор.