СИНОПТИК МЕТЕОРОЛОГИЯ

СИНОПТИК МЕТЕОРОЛОГИЯ, синоптика (юн. synoptikos — барча нарсани кўра олувчи) — метеорология бўлими. Макрокўламдаги атмосфера жараёнларини ўрганиш ва улар асосида обҳавони олдиндан айтиш ҳақидаги таълимот. Бу жараёнларга циклон ёки антициклонпарнинг пайдо бўлиши, эволюцияси, ҳаракатлари киради хамда улар хаво массалари ва фронтлар ҳаракати ҳамда эволюцияси билан узвий боғланишда қаралади. Бу синоптик жараёнларни тадқиқ этишда синоптик хариталар, атмосфера вертикал қирқими, аэрологик диаграммалар муттасил тахлил қилинади. Бу тақиқотлар ҳаво хоссаларининг ўзгариши ва унинг ҳаракатларини белгиловчи физик қонунларга таянади. Бунда жойнинг кенглиги, хусусан, у билан боғлиқ қуёш энергияси микдори ва шу энергия таъсир қилувчи юзанинг хусусияти (сув, қуруқлик, рельеф ва б.) қисобга олинади. Энергия таъсир қилувчи юза б-н атмосфера орасида узлуксиз иссиклик, намлик алмашиниб туради. Шу туфайли Ернинг турли қисмларида mponocферанинг ҳар хил хоссали ҳаво массалари ҳосил бўлади, маълум шароитларда улар орасидаги чегара зоналари кескин атмосфера фронтларита айланади. Бу фронтларда юзлаб ва минглаб км узунликдаги атмосфера тўлқинлари вужудга келиб, бу тўлқинлар келгусида паст ва юқори атмосфера босимига эга бўлган қуюнларга — циклон ва антициклонларга айланади. Циклон ва антициклонларнинг юзага келиши, зўрайиши, кўчиши сабабли, ҳаво массалари тақсимоти ўзгаради, натижада атмосфера фронтлари кўчади ва ривожланади. Циклон, антициклон, ҳаво массалари ва фронтлар билан биргаликда булутлар ва ёгинли жойлар ҳам силжийди, натижада шамол, ҳаво намлиги т-раси ҳамда атмосферанинг бошқа хоссаларида маҳаллий ўзгаришлар юзага келади. Атмосфера умумий циркуляцияси характеридаги узлуксиз ўзгаришларга олиб келадиган циклонлар фаолиятини олдиндан билиш обҳавонинг камида бир неча суткалик прогнозини бериш имконини тугдиради. Атмосфера умумий циркуляцияси турларининг биринкетин алмашинишини ўрганиш эса обҳавонинг узоқ муддатли прогнозини беришга имкон тугдириши мумкин. Синоптик метеорологияда атмосфера жараёнларининг жуда катта фазодаги ривожланиши айни бир вақтда таҳлил қилинади. Бундай тахлил Ер юзасида ва атмосферанинг турли баландликларида олиб борилган кузатишлар асосида тузилган синоптик хариталар (қ. Обҳаво хариталари) асосида олиб борилади. Шунингдек, булутларнинг Ернинг метеорологик сунъий йўлдошлари, космик кемалар ёрдамида олинган телевизион фотосуратлари, метеорологик радиолокатор ёрдамида кузатиш маълумотлари ва б. материаллардан ҳам фойдаланилади. Бу эмпирик материаллар циклонлар, антициклонлар, ҳаво массалари ва атмосфера фронтларининг структурам, эволюцияси ва ҳаракатини аникдашга имкон беради. Уларни ўрганишда аниқланган қонуниятларга асосланиб, гидродинамик назария асосида (кўпинча миқдорий ҳисоблашлар ёрдамида) обҳаво прогнозлари берилади (яна қ. Метеорология). Циркуляция шароитларини синоптик тахлилидан уларнинг прогнози ва обҳаво шароитларини олдиндан айтишда экстраполяция ва динамик метеорология сифатий хулосаларига таянади. Тадқиқотлар ривожида бир неча даврларни ажратиш мумкин, уларнинг ҳар бири метеорология тараққиётининг йирик босқичларига мос келади. Изобарик синоптиканинг ривожи, фронтологик таҳлил соҳасидаги серунум тадқиқотлар, Ўрта Осиёнинг синоптик жараёнларини турларга ажратиш, атмосферани ҳарорат, намлик ва шамол бўйича вертикал зондлаш ва уни метеорологияда қўллаш — мана шу усулнинг асосини ташкил этади. Ўрта Осиёда В. А. Бугаев, В. А. Жоржио, М. А. Петросянц, Н. Н. Романов ва б. олимлар раҳбарлигида ўтган асрнинг 20 — 50й. ларида бажарилган кенг куламдаги тадқиқотлар ва прогноз соҳасидаги кўп йиллик амалий ишлар «Ўрта Осиёнинг синоптика жараёнлари» фундаментал монографиясида умумлаштирилган. 50й. лар боши микдорий ва сифатий гидродинамик тахлил ва прогноз (В. А. Бугаев, В. И. Губин ва б.), статистикстохастик усулларнинг синоптик жараёнлар таҳлилига татбиқи (В. И. Романовский, Т. А. Саримсоқов, В. А. Бугаев, В. А. Жоржио ва б.), Ўрта Осиё синоптика жараёнларига орография таъсирини ўрганиш (М. А. Петросянц) ишларининг ривожланиши б-н хусусиятланади. 60й. ларда прогнознинг гидродинамик соний усули ишлаб чиқилди. Ернинг метеорологик сунъий йўлдошлари орқали булутларнинг тасвири олина бошланди. 2000й. ларнинг бошларида Ўрта Осиё синоптик жараёнларининг асосий хусусиятлари 1961—90 й. лардаги янги меъёр асосида баҳоланиб тадқиқ этилди.

Ад.: Зверев В. С Синоптическая метеорология, Л., 1977; Монин А. С, Прогноз погоды, как задача физики, М., 1969; Воробьёв В. И., Синоптическая метеорология, Л., 1991; Мухторов Т., Эртанги кун обҳавоси, Т., 1999.

Тоҳир Мухторов.