СИНКЛЕР

СИНКЛЕР (Sinclair) Эптон Бил (1878.20.9, Мэриленд штати Балтимор ш. — 1968.26.11, БраундБрук) — америкалик ёзувчи. Колумбия ун-тида ўқиган. Илк романи — «Шоҳ Мидас» (1901). «Баҳор ва пишиқчилик» (1901) романи, «Артур Стирлингнинг кундалиги» ва «Шаҳзода Хаген» пьесаси (1903)да баландпарвоз патетика мавжуд бўлишига қарамай, улардаги ижтимоийтанқидий оҳанглар кейинчалик Синклер ижодида етакчилик қилган. Синклернинг «Жунгли» (1906) романи ёзувчи ижодида етуклик даври бошланганидан дарак беради. Синклер 20-а. бошларида ижтимоий мавзудаги «Пойтахт» ва «Саррофлар» (1908) романларидан ташқари, «Севги синови» (1911), «Сильвия» (1913), «Сильвиянинг турмушга чиқиши» (1914) сингари оила ва мухаббат мавзуида ҳам асарлар ёзган. Россиядаги 1917 й. инқилоби таъсирида Синклер «Жимми Хиггинс» (1919) романини ёзиб, унда интервенция йилларида Америка қўшинлари орасида Совет давлати фойдасига тарғибот ишларини олиб борган пролетар, «Нефть» (1927) романида эса америкалик фашистлар қўлида ҳалок бўлган коммунист образларини яратган. Синклернинг большевизмга хайрихохлик руҳи билан суғорилган ва америкача ҳаёт тарзини фош этувчи [«Бостон», 1928; «Матлубот», 1936; «No pasapan!» («Улар ўтмайди!», 1937); «Автомобиль қироли», 1938 ва б. ] асарлари совет даврида Америкадаги танқидий реализм адабиётига қўшилган улкан ҳисса сифатида баҳоланиб келинган.