СИНД ДАРЁСИ БЎЙИДАГИ ЖАНГ — Жалолиддин Мангуберди ва Чингизхон қўшинлари ўртасидаги жанг (1221 й. 24—26 нояб.). Парвон жангида мағлуб бўлган мўғуллар Чингизхон бошчилигида улкан лашкар тўплаб Жалолиддинга қарши отланган. Сон жиҳатдан мўғуллар бир неча баробар зиёд бўлган, шу туфайли хоразмликлар Синд (Ҳинд) дарёси томон чекинишган. Жалолиддин Парвонда аввал уни тарк этган Сайфуддин Иғроқ, Аъзам малик ва Музаффар малик каби амирлар билан бирлашиб, Чингизхонга қарши жанг қилишга қарор қилади. Аммо, ўйланган режанинг амалга ошишига ёв имкон бермайди. Илдам етиб келган Чингизхон Жалолиддиннинг Ўрхон бошлиқ уғруқига ҳужум қилиб, уни яксон этади. Душманнинг лашкари билан Синд дарёси орасида қолган Жалолиддиннинг жангга киришдан узга чораси қолмайди. Синд дарёси бўйидаги жанг 1221 й. нинг 24 нояб. эрта саҳарда бошланади ва 3 кун давом этади. Дастлабки кун Жалолиддин хос аскарлари билан ёвнинг Чингизхон жойлашган марказига шиддатли ҳужум уюштиради ва уни 2 бўлакка ажратиб юборади. Аммо, 10 минг кишилик мўғуллар пистирмаси унинг йўлини тўсади. Бу пистирма Жалолиддиннинг қайнотаси Амин улМулк қўмондонлигидаги ўнг қанотни тормор этади, қолганқутганларини эса Жалолиддин зўр шижоат билан жанг олиб бораётган марказгача қувиб боради. Хоразмликларнинг сўл қаноти мўғулларга бардош беролмай енгилади. Оғир аҳволда қолган Жалолиддин 700 га яқин отлиқ аскарлари билан мардларча қаршилик кўрсатади. Чингизхон уни тириклайин қўлга олишни буюради. Душман султонни қуршовга олади, улар ўз ниятларига етай деб турганда Жалолиддиннинг тоғаваччаси ва хос амирларидан бўлган Ахос малик уни хдлқа ичидан олиб чиқишга эришади. Жанг вақтида султоннинг гўдак ўғли ёв қўлига асир тушади. Чингизхон уни қатл этишга ҳукм қилади. Жанггохдан чиққан Жалолиддин қариндошуруғлари билан видолашади ва уларни Синдга ғарқ қилишга ижозат беради, сўнгра қайта ҳужумга ташланади, ноилож аҳволда қолгач, 10 газ бал. дан оти билан дарёга сакрайди. Дарёнинг нариги қирғоғига соғсаломат ўтиб олган султоннинг бу қаҳрамонлигини кўрган Чингизхон Жалолиддинни таъқиб этишни ман қилади ва ўз аъёнлари ҳамда фарзандларига қарата шундай дейди: «Отага шундай ўғил зарурки, у икки гирдоб — олов ва сув гирдобидан озодлик майдонига чиқа олди!» (Мирзо Улуғбек, Тўрт улус тарихи, Т., 1994). Жалолиддин Синддан сузиб ўтишга муваффақ бўлган 4 мингга яқин аскарлари билан бирлашади ва Ҳиндистоннинг шим. ҳудудлари томон йўл олади.
Ад.: ШихабадДин Мухаммад анНасави, Жизнеописание султана Джалал адДина Манкбурны. [Перевод с арабского, предисловие, комментарии, примечания и указатели 3. М. Буниятова], Баку, 1972.
Ҳамидулла Дадабоев.