СИМОН

СИМОН (Simon) Клод (1913.10.10, Мадагаскар ороли Антананариву ш.) — француз ёзувчиси. Француз романчилигига эстетик жиҳатдан янгича руҳ олиб кирган адиблардан саналади. Зобит бўлган. 2-жаҳон урушида асирга тушган, у ердан қочиб, Қаршилик кўрсатиш ҳаракатига қўшилган. Биринчи романи — «Муттаҳам» (1945). Кейинги романлари («Таранг ип», 1947; «Гулливер», 1952; «Мансабга кўтариш», 1954; «Шамол», 1957) автобиографик мотивларда ёзилган. С уруш йилларида француз рассоми Раул Дюфи билан танишиб, умри давомида унинг насиҳатларига амал қилган. Асарларини ҳам рассомларнинг «коллаж» усулида ёзиб, ёзувчи ўзи учун китобни «картина сифатида ёзиш лозим, ҳолбуки, ҳар бир картина — энг аввало композиция», деган қоида кашф қилган. «Фарсалдаги жанг» (1969) романи мунаққидлар томонидан «янгича роман» деб қабул қилинган. «Триптих» (1973) романи очиқ шаҳвоний йўналишда ёзилган. «Буюмлар сабоғи» (1975) романининг тили мураккаб бўлиб, С тажриба композициясидан фойдаланган. Симоннинг «Муқаддас баҳор» (1954), «Майса» (1958), «Фландрия йўллари» (1960), «Меҳмонхона» (1962), «Тарих» (1967), «Ибратли дарс» (1976), «Георгиклар» (1981) каби романлари ҳам бор. Нобель мукофоти лауреати (1985).