СИМОБ РУДАЛАРИ

СИМОБ РУДАЛАРИ — таркибида иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ концентрацияда симоб бўлган ва уни саноатда фойдаланишнинг техник имконияти мавжуд бўлган табиий минерал ҳосилалар. Асосий руда минерали — HgS — киноварь (таркибидаги симоб 86,2%). Симобнинг иккинчи даражали руда минераллари — метациннабарит, туғма симоб, ливингстонит, кордероит, макдермитит ҳамда таркибида симоб бўлган мис, сурма, мишьякнинг сульфатузлари. Ср. сифатига қараб жуда бой, бой ва камбағал бўлиб, ҳар бир симоб конида ҳам уларнинг ўзаро салмоғи турлича бўлади. Ср. (конлари) генезиси, морфологик тузилиши ҳамда саноат тури кўрсаткичлари бўйича жуда хилма хил. Охирги тасниф бўйича (Федорчук, 1990) эндоген, плутоноген, телетермал, вулканоген, экзоген ҳамда гетероген симоб конлари мавжуд. Улардан телетермал рудали конлар симоб қазиб чиқаришнинг асосий манбаи ҳисобланиб, кварцдиккитли (Альмаден — Испанияда, Никитовка — Украинада), жаспероид (Ҳайдаркон, Чаувай — Қирғизистон), карбонатли (Адираков, Биркгу — Қирғизистон), лиственитли (Чўнкой — Қирғизистон, Тамватней — Саха, НьюАльмаден ва НьюИдрия — АҚШ) турлари маълум. Ўзбекистонда Туркистон тизмасининг ғарбий қисмида Ср. нинг карбонатли турига хос Кррасув кони маълум.