СИБЕЛИУС (Sibelius) Ян (Юхан Кристиан) (1865.8.12, Хяменлинна — 1957.20.9, Ярвенпя, Хельсинки яқинида) — фин композитори. Миллий композиторлик мактаби асосчиларидан, мусиқий романтизм вакили. Хельсинкидаги мусика ин-тини тугатган (1889). Сибелиус ижоди халқчиллик билан суғорилган, ёрқин миллий колорит, улугворлик, самимийлик, куйчанлик ва гармоник бойлиги билан ажралиб туради. Симфоник мусиқа устаси сифатида танилган Сибелиус 7 симфония, «Калевала» эпоси мавзулари асосида «Лемминкяйнен» сюитаси (4 симфоник афсона — «Туонель оққуши» ва б. дан иборат), поэмалар («Финляндия» ва б.), «Хазин вальс», 3 сюита, скрипка ва оркестр учун концерт, шунингдек, «Минорадаги қиз» операси, «Скарамуш» балети, вокал, камер ва б. асарлар муаллифи.
Хельсинкидаги Мусика академиясига Сибелиус номи берилган (1939). 1950 й. дан Хельсинкида ҳар йили «Сибелиус ҳафталиги» мусиқа фестивали ўтказилади. Сибелиус номида халқаро мукофот таъсис этилган.