СЕЙСМИК ШКАЛА

СЕЙСМИК ШКАЛА — зилзила пайтида ер сиртида вужудга келадиган тебранишлар кучи (жадаллиги)ни баҳолаш (ўлчаш) учун ишлатиладиган жадвал. Тебранишлар кучи грунтдаги қолдиқ деформация (ўзгариш) кўлами ва шаклига, бино ва иншоотларнинг шикастланиш дражасига ва б. ташқи кўрсаткичларга қараб баҳоланади. Сейсмик шкаланинг тури кўп. Улардан бири 1917 й. Халқаро сейсмик ассоциация томонидан қабул қилинган 12 балли Меркалли — Канкани — Зиберг шкаласи (ҳоз. баъзи Европа мамлакатларида қўлланади). 1931 й. АҚШ да Вуд ва Ньюман томонидан қабул қилинган 12 балли ММ шкаласи, 1964 й. С. В. Медведев (Москва) томонидан тавсия этилган 12 балли шкала ҳам бор. 1964 й. Парижда ЮНЕСКО давлатлараро йигилишида тавсия этилган 12 балли МШК64 шкала С. В. Медведев (Москва), В. Шпонхойер (Германия) ва В. Карник (Прага) томонидан тузилган. Ер сиртидаги тебранишлар кучини балларда ўлчаш билан бирга зилзилаларни магнитуда (тебранишлар ёки силкинишлар қиймати) бўйича таснифлаш усули ҳам ишлатилади (қ. Рихтер шкаласи). Магнитуда зилзила ўчоғи тарқатадиган энергия логарифмига мутаносиб (мое) бўлади (мас, 1966 йилги Тошкент зилзиласининг кучи 8 балл деб бахрланган, магнитудаси эса 5,3 га тенг бўлган). Баъзи мамлакатлар (мас, Япония) да 7 балли шкала қўлланади. Сейсмик шкала бўйича зилзила оқибатларининг ташқи кўринишлари (шикастланиш, емирилиш, ўпирилиш, ёрилиш, дарзлар ва б.) дан ташкари тебраниш жараёнлари (силжиш, сурилиш, тезлик, тезланиш ва б.) ни ҳам хисобга оладиган махсус асбоблар (сейсмограф, акселерограф ва б.) ёрдамида ҳам аниқланади. Сейсмик шкала зилзиланинг ташқи аломатларини ўрганиш, сейсмик хариталар тузиш, сейсмик ҳудудлаштириш ва чекланган ҳудудларни микроҳудудлаштириш ва б. мақсадларда қўлланади.

Ад.: Рихтер Ч., Элементарная сейсмология, М., 1963; Абдуллабеков К,., Зилзиладан сақланиш мумкинми?, Т., 1992.