СЕЙСМИК КАРОТАЖ

СЕЙСМИК КАРОТАЖ — бурғи қудуқларида эластик тўлқинларнинг ўтиш тезлиги, қайтиш, тарқалиш ва ютилиш коэффициентлари ёрдамида тоғ жинсларининг сейсмик хоссаларини ўрганиш. Олинган натижалар сейсмик разведка ишлари натижаларини ўрганиш, тоғ жинслари таркиби ва физик ҳолатини тахлил қилиш, бурғи қудуғининг техник ҳолатини аниклашда ишлатилади. Сейсмик каротажнинг интеграл ва дифференциал усули бор. Интеграл усулда сейсмик тўлқин ҳосил қилувчи манба ернинг юзига яқин жойда, уни (тўлқинни) ёзиб олувчи приёмник эса бурғи қудуғи ичида жойлаштирилади, дифференциал усулда манба ва приёмник бурғи қудуғи бўйлаб бирга кўчирилади. Интеграл усул 50—100 м чуқурликдаги қатламларни бурғи қудукларини ўрганувчи махсус сейсмик ст-ялар ёрдамида вертикал сейсмик зондлаш билан ўрганилади. Бунда 20—150 Гц частотали сейсмик тўлқинлар ёзиб олинади. Дифференциал усулда қалинлиги 1—2 м ли катламлар частотаси 10—100 кГц ли сейсмик тўлқинлар ёрдамида ўрганилади.