СЕРВЕЙЕР

«СЕРВЕЙЕР» (инг. surveyor — изланувчи, тадқиқотчи) — АҚШнинг Ойга учириладиган автоматик ст-ялар ва шу ст-яларни яратиш ҳамда учириш дастури номи. Стянинг диаметри 4,27 м, бал. 3 м. «Сервейер»нинг Ердаги массаси ~ 1 т, Ойга қўнгандан кейинги массаси ~ 285 кг. Автоматик бошкариш системаси Ойга қўндириш учун мўлжалланган ракета двигатели билан таъминланган. Бортига и. т. асбоблари, Ой сиртини кузатиш учун телевизион камера ўрнатилган. Қуёш батареясидан электр энергия олади. Стянинг асосий вазифаси — «Аполлон» космик кемасини яратишнинг илмий ва техник масалаларини ҳал қилиш билан боғлиқ; унда бажарилган тадқиқотлар: Ой тупроғи таҳлил қилинди, қўниш пайтида суюқ ёнилғили ракета двигателидан чиқадиган ёнилғи маҳсулотлари оқими Ой тупроғига таъсири ўрганилди ҳамда юмшоқ қўндириш тизими синовдан ўтказилди. 1966—1968 й. ларда 7 та «Сервейер» учирилган.