СЕРИЯ

СЕРИЯ (геологияда) — маҳаллий ёки регионал стратиграфик шкала бўлимининг геологик свиталарга нисбатан йирик таксонометрик бирлиги. Серия 2 ва ундан кўп свиталарни бирлаштиради; қуйидаги белгилар: тоғ жинсларининг ҳосил бўлиш шароитининг ўхшашлиги (денгиз, континентал, вулканик ва б.), баъзи бир жинсларнинг устунлиги (чўкинди, метаморфик, вулканик), структурасининг ўзига хослиги (минерал зарраларни бир маромда жойлашиши ва б.) кабилар билан свиталардан фарқ қилади. Сериянинг геологик кесимидаги свиталарнинг ётиш шароити ва нисбати турли кўринишда бўлади. Серия ҳажми бўйича ягона шкаланинг геологик бўлимига мувофиқ келиши мумкин. Сериялар кўпинча бирбири билан йирик стратиграфик бўлим орқали ажралади ёки катта бурчак остида номувофиқётади. Сериянинг одатда стратотипи бўлмайди. Ҳажми уни ташкил этган свиталар ҳажми йиғиндисига тенг. Серия географик жой номи билан аталади. Мас, Ашина С. си (Урал рифейида), Аравалли Серияси (Ҳиндистондаги Аравалли тоғ тизмаси номидан), Ватерберг Серияси (Жан. Африкадаги Ватерберг р-ни) ва ҳ. к. Фарғона ботиғида қалинлиги 1030 — 1220 м ли массагет ва бақтрия С. лари ажратилади. Хорижда Серия (serie) геологик бўлимни ифодалайди.