СЕНТЛЮСИЯ

СЕНТЛЮСИЯ (Saint Lucia) Кариб денгизидаги СентЛюсия о. да жойлашган давлат; Кичик Антил о. лари архипелагининг жан. шарқий қисмида. Майд. 616 км2. Аҳолиси 160,1 минг киши (2002). Пойтахти — Кастри ш. Маъмурий жиҳатдан 11 туманга бўлинади.

Давлат тузуми. Сентлюсия — конституцияли монархия. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига киради. Амалдаги конституцияси 1978 й. да ишлаб чиқилган. Давлат бошлиғи — Буюк Британия қироличаси номидан иш юритувчи генералгубернатор. Қонун чиқарувчи ҳокимият органи 2 палатали (Сенат ва Мажлис палатаси) парламент. Ижроия ҳокимиятни бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Орол ер юзаси тоғ ва водийдан иборат. Марказий қисмида унча баланд бўлмаган тоғлар (энг баланд жойи Жими тоги — 959 м) бор. Тоғлардан оқиб тушувчи сой ва жилғалар шаршаралар ҳосил қилади. Иқлими тропик, пассатли. Ўртача ойлик тра 26°. Янв. дан апр. гача қуруқ мавсум, май — авг. ёғингарчилик мавсуми. Йиллик ёғин 1500—3000 мм. Оролнинг кўп қисми тропик ўрмонлар б-н қопланган бўлиб, унда орхидея кўп ўсади. Ҳайвонот дунёси анвойи қушлар (тўти, колибри), турлитуман ҳашарот ва судралиб юрувчилардан иборат.

Аҳолисининг асосий қисми сентлюсияликлар (негрлар ва мулатлар) бўлиб, улар банан плантацияларида ишлатиш учун мустамлакачилар томонидан келтирилган африкалик қулларнинг авлодларидир. Аҳолининг 2/3 қисми шаҳарларда яшайди. Диндорлари — асосан, католиклар. Расмий тил — инглиз тили.

Тарихи. Орол европаликларга 1502 й. X. Колумб саёҳатидан кейин маълум бўлган. 17-а. ўрталарида Буюк Британия б-н Франция ўртасида талаш бўлган ва бир неча марта гоҳ инглизлар, гоҳ французлар қўлига ўтиб турган. 1814 й. дан Буюк Британия мустамлакаси. 1958—62 й. ларда ВестИндия федерацияси таркибида. 1967 й. 1 мартда «Буюк Британия б-н уюшган давлат» мақомини олган. 1979 й. 22 фев. дан Сентлюсия мустақил давлат. 1979 й. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 22 фев. — Мустақиллик куни (1979).

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. С. Л. Лейбористлар партияси, 1946 й. асос солинган; Бирлашган ишчи партияси, 1964 й. ташкил этилган; Тараққийпарвар лейбористлар партияси, 1981 й. тузилган. Меҳнаткашлар миллий иттифоқи касаба уюшмаси, Жаҳон касаба уюшмалари федерациясига киради; С. Л. денгизчи ва порт ишчилари касаба уюшмаси, 1945 й. ташкил этилган; С. Л. ишчилар уюшмаси, 1939 и. тузилган.

Хўжалиги. Иқтисодиётнинг асоси қ. х. ва хорижий сайёхларга хизмат кўрсатишдан иборат. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. нинг улуши 10,7%, саноат улуши 32,3%, хизмат кўрсатиш тармоғи улуши 57% ни ташкил этади. Асосий қ. х. маҳсулотлари — банан, кокос ёнғоғи, манго, какао, цитрус мевалар, шакарқамиш. Қорамол, чўчқа, қўй, эчки боқилади. Ёғоч тайёрланади. Унча катта бўлмаган саноат корхоналари, асосан, қ. х. хом ашёсини қайта ишлаш б-н шуғулланади. Электрон қисмларни йиғувчи, картон, сигарет, газлама, кийим, ўйинчоқ ишлаб чиқарувчи корхоналар бор. Йилига ўртача 112 млн. кВтсоат электр энергия ҳосил қилинади. Мамлакатда т. й. йўқ. Автомобиль йўллари уз. 820 км. Асосий денгиз порти ва аэропорти — Кастри. Четга банан, копра, кокос ёғи, какао, цитрус мевалар, ром, кийим, ўйинчоқ чиқарилади. Четдан саноат моллари, хом ашё, ёқилғи олади. Буюк Британия, АК. Ш, Кариб ҳавзаси мамлакатлари билан савдо қилади. Пул бирлиги — шарқий кариб доллари.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Газ. ва жур. лари: «Войс оф СентЛюсия» («СентЛюсия овози», ҳафтада 2 марта чиқадиган газ., 1885 й. дан), «Католик кроникл» («Католик хроника», ойнома, 1957 й. дан), «Крусейдер» («Салибчи», ҳафтанома, 1934 й. дан), «Миррор» («Ойна», ҳафтанома, 1994 й. дан). «СентЛюсия бродкастинг корпорейшн» радиоэшиттириш ҳукумат хизмати мавжуд. «Хемен телевижи систем» тижорат телевидение хизмати 1967 й. ташкил этилган.