СЕДИМЕНТОГЕНЕЗ

СЕДИМЕНТОГЕНЕЗ (лот. sedimentum — чўкиш ва… генез) — кенг таркалган табиий жараён, табиий шароитда барча турдаги чўкиндиларнинг ҳаракатланиш ёки муаллақ ҳолатидан (сув ва ҳаво муҳитида) ҳаракатсизлик ҳолатига ўтиши. Чўкиндилар кўпинча қуруклик юзасида, дарё, денгиз, океанларда ташқаридан олиб келинган тайёр терриген (аллотиген) материаллар ҳамда турғун ва оқувчи (тоғ ён бағирларидан оқиб тушувчи дарёлар, сойлар) сув ҳавзаларида биоген ва хемоген йўл б-н чўккан баъзи (одатда, қийин эрувчан) бирикмалар хисобига шаклланади. Баъзи тадқиқотчилар (Н. Б. Вассоевич, 1957, 1962) Седиментогенез деганда, чўкмани сув ҳавзасининг тубига тушишидан бошлаб то диагенез босқичигача, яъни сув ҳавзаларида муҳит ва сув оралиғида ҳеч қандай кимёвий қарамақаршиликка учрамайдиган лаҳзасигача бўлган жараённи тушинади. Рус геологи Н. М. Страхов (1953,1960) Седиментогенез тушунчасига чўкманинг ривожланиш даврини ҳам киритади. МДҲ давлатларида чўкинди тоғ жинслари ҳақидаги фан «литология», бошқа давлатларда эса «седиментология» деб аталади.