СЕДИМЕНТАЦИЯ

СЕДИМЕНТАЦИЯ (лот. sedimentum. — чўкиш) — дисперс фаза зарралари (қаттиқ донача, суюклик томчиси, газ пуфакчалари)нинг суюқ ёки газсимон дисперс мухитда гравитацион майдон ёки марказдан қочма куч майдонида чўкиши ёки юзага сузиб чиқиши. Агар зарраларнинг йўналган ҳаракати оғирлик кучи ёки марказдан қочма куч таъсирида зарраларнинг тартибсиз (хаотик) иссиклик ҳаракатидан устун келса, Седиментация содир бўлади (қ. Броун ҳаракати, Диффузия). С. тезлиги зарранинг массаси, ўлчами ва шаклига, муҳитнинг қовушоклиги ва зичлигига, шунингдек, майдон кучининг заррага таъсиридан юзага келувчи кучланишга боглик. Бирбири билан ўзаро таъсирлашмайдиган майда сферик зарралар Седиментацияси Стоке формуласи бўйича аниқланади. Табиатда Седиментация чўкинди тоғ жинслари ҳосил бўлишига, ҳавзалардаги сувнинг тинишига, атмосферадаги суюқ томчи ва қаттиқ зарраларнинг ажралишига олиб келади. И. ч. да Седиментация кукунларни фракцияларга ажратишда, кимётехнологияда турли маҳсулотларни чўкма ҳолида ажратиб олишда қўлланади. Седиментация саноатда фойдали қазилмаларни бойитишда, кимё ва нефткимё технологияси маҳсулотларини ажратишда, сувни тозалашда ва б. да ишлатилади. Седиментация центрифугалаш, ультрацентрифугалаш, седиментацион анализда кенг қўлланади (яна қ. Тиндириш, Седиментацион анализ).