САЙЁРАЛАР

САЙЁРАЛАР — Қуёшнинг тортиш кучи таъсирида унинг атрофида айланувчи йирик шарсимон жисмлар. Сайёралар Қуёш атрофида айланувчи минглаб майда сайёра (астероид) лардан фарқ қилади. Уларни жуда қадимдан қўзғалмас юлдузлар фонида силжиб юришидан сезиб «адашган юлдузлар», яъни Сайёралар деб аташган. Қуёш атрофида айланувчи йирик Сайёралар 9 та (Меркурий, Венера, Ер, Марс, Юпитер, Сатурн, Уран, Нептун, Плутон). Улардан 5 тасини оддий («қуролланмаган») кўз б-н кўриш мумкин.

Қадимда барча Сайёралар ва Қуёш Ер атрофида айланади деб нотўғри талқин қилинган. 16-а. бошларида поляк астрономи Н. Коперник С. нинг Қуёш атрофида айланиш тартибини аниқлади. Итальян олими Г. Галилей ўзи ясаган телескопда Сайёраларни кузатиб, улар шарсимон жисмлар эканлигини аниқлади. У Венерани ҳам худди Ой каби турли фазаларда кўринишини кузатиб, Сайёралар ўзидан нур чиқармаслигини, балки Қуёш нурларини қайтариши ҳисобига юлдузларга ўхшаб равшан кўринишини аниқлади. Телескоп ихтиро қилингач, Қуёш системасида яна 3 та йирик сайёра топилди: 1781 й. да инглиз астрономи В. Гершель Уранни, 1846 й. француз астрономи У. Леверье ҳамда инглиз астрономи Ж. Адамс Нептунни ва 1930 й. да америкалик астроном Томбо Плутонни кашф этди.

Сайёралар физик табиатига кўра, Ер типидаги Сайёралар ва гигант Сайёралар ларга бўлинади: Ер типидаги Сайёраларга Меркурий, Венера, Ер, Марс, гигант Сайёраларга эса Юпитер, Сатурн, Уран, Нептун киради. Плутон яхши ўрганилмаганлиги учун қайси типдагига мансублиги ҳали аниқ белгиланмаган. Ер типидаги Сайёраларнинг физик таснифларида бир қанча умумийлик бўлиб, уларнинг ўлчами ва массаси унча катта эмас (Ер — улар ичида энг каттаси), қаттиқ сирт қобиғига ва атмосферага (Меркурийдан ташқари) ҳам эга Сайёралар дир. Уларнинг ўртача зичликлари нисбатан юқори бўлиб, Ер зичлигига (5,5 г/см3) яқин.

Гигант Сайёралар ўлчами ва массаси жуда катталиги билан Ер типидаги Сдан фарқ қилади, ўртача зичликлари уларникидан анча кичик. Гигант Сайёралар нисбатан тез айланиши, қаттиқ сиртга эга эмаслиги ва жуда қалин гелий ҳамда водородли (қисман метан — СН4 ва аммиак — NH3 аралашмали) атмосфера қобикдарининг мавжудлиги билан ҳам Ер типидагилардан кескин фарқ қилади. Қуёш атрофида бу икки гуруҳга кирувчи Сайёралардан ташқари ўн минглаб майда Сайёралар (астероидлар) ҳам айланади. Улар Қуёшдан ўртача 2,8 астрономик бирлик масофада, Қуёш атрофида айланади; бу зона астероидлар минтақаси деб юритилади. Сайёралар кўриниш шартларига кўра ҳам 2 гуруҳга бўлинади: орбиталари Ер орбитасининг ички қисмида жойлашгани — ички (Меркурий ва Венера), ташкарида жойлашгани эса ташки Сайёралар (Марс, Юпитер, Сатурн, Уран, Нептун ва Плутонлар) деб аталади. Ички С. Қуёш чиқишидан олдин (шарқ томонда) ва Қуёш ботгандан сўнг (ғарб томонда) даврий кўриниш ҳолатларида бўла олади, ташки Сайёралар тунда турли пайтларда, жумладан, бутун тун давомида кўриниш ҳолатларида ҳам бўлиши мумкин.

Сайёраларнинг физик табиати 20-а. 2-ярмидан бошлаб, сайёралараро автоматик ст-ялар ёрдамида мунтазам ўрганила бошлади. Хусусан, Меркурий «Маринер», Венера «Венера», Марс — «Марс», «Викинг», гигант Сайёралар эса АҚШнинг «Катта тур» дастури бўйича учирилган. «Пионер10, 11», «Вояжер» автоматик ст-ялари ёрдамида самарали тадқиқ қилинди. Ердан туриб олиб борилган бевосита кузатишлар орқали топилган Сайёраларнинг йўлдошлари қуйидагилар: Ерда 1 та (Ой), Марсда — 2 та, Юпитерда — 12 та, Сатурнда — 9 та, Уранда — 5та, Нептунда — 2та, Плутонда — 1та. Кейинчалик космик аппаратлар ёрдамида гигант Сайёралар атрофида яна ўнлаб янги йўлдошлар топилди (қ. Сайёраларнинг йўлдошлари).

Сайёраларнинг айримлари (Ер ва Юпитер) сезиларли магнит майдонига эга. Ер магнит майдонининг кучланганлиги унинг геомагнит қутбларида 0,63 эрстедни, геомагнит экваторида эса 0,31 эрстедни ташкил этади. Коинот қаъридан ва Қуёшдан келаётган космик нурлар ва зарралар оқими (асосан, электронлар ва протонлар) ни Ер магнит майдони тутиб қолади. «Қафасга тушган» бундай зарраларнинг энергияси ва концентрацияси уларнинг Ер сиртидан узоклиги ва геомагнит кенглигига боғлиқ бўлади. Бундай зарралар охироқибатда Ер атрофида, геомагнит экваторни ўровчи ҳалқа ёки камар шаклини олади.

Ер ва Юпитер атрофида турли баландликларда ҳосил бўлган ва радиацион камар деб аталувчи ана шундай кувватли электрон ҳамда протонлардан ташкил топган камарлардан бир нечтаси охирги йилларда кашф этилди.

Ад.: Ксанфомалити Л. В., Планеты открытые заново, М., 1978; Куликовский П. Г., Справочник любителя астрономии, М., 1971; Силкин Б. И., В мире множества лун, М., 1982; Маматазимов М., Қуёш системаси ҳақида очерклар, Т., 1984.