САЙЁР СЮЖЕТЛАР НАЗАРИЯСИ

САЙЁР СЮЖЕТЛАР НАЗАРИЯСИ, миграцион назария — халқ оғзаки поэтик ижодидаги назария. Ўзлаштириш назарияси деб ҳам юритилади. 1859 й. да немис файласуфи, Гёттинген унтининг проф. Т. Бенфей (1809—1881) асос солган. Россиядаги тарафдорлари: А. Н. Пипин (18331904), В. Ф. Стасов (1824—1906) ва б. С. с. н. турли халқлар фольклоридаги сюжет, мотив, услуб ва образлардаги ўхшашликларни оғзаки ва китобий йўл билан бир ёки бир неча манбадан тарқалгани билан изоҳлаб, уларни бир халқдан иккинчи халқнинг шунчаки ўзлаштириши деб, бир ёклама талқин қилган. Бу назария тарафдорлари Европа ва б. халқлар эртакларининг ҳинд эртакларига ўхшашлигига таяниб, уларнинг асосида «Гипопадеша» ва «Панчатантра» номли қад. ҳинд тўпламлари ётади, деган хулосага келганлар. Аниқ фактларга асосланиш, фольклор асарларининг тарқалиш ареалини ўрганиш, сюжет ва мотивларнинг ҳар бир халқ томонидан қайта ишланишини қайд этиш, халқлар ўртасида ўзаро маданий алоқаларнинг мавжудлигини таъкидлаш Сайёр сюжетлар назариясининг ютуклари бўлган. Аммо ҳар бир халқ ижодидаги фольклор асарларининг фақат бошқа, нисбатан қадимийроқ халқлар поэтик ижодининг таъсири, деб кўрсатиш мазкур халқларнинг миллий ютукларини, ижод қобилиятини инкор қилади. Бу камчиликни Антропологик мактаб тарафдорлари маълум даражада тузатдилар.