САЙЁҲЛАР ДАРАХТИ

САЙЁҲЛАР ДАРАХТИ (Ravenala madagascariensis) — стрелитзиядошлар оиласига мансуб дарахт. Бўйи 10 м гача, барглари йирик, ўрта томирларигача бўлакларга бўлинган, товуснинг ёйилиб турган патларини эслатади. Гули бошоқсимон тўпгулда ўрнашган, қушлар воситасида чангланади. Меваси резавор, бодрингга ўхшайди. Мадагаскар ва Реюньон оролларида ўсади. Чўл ва сахроларда сайёхлар унинг соясида офтобдан сақланишади; барг қўлтиғида шудринг ва ёмғир томчиларидан ҳосил бўладиган сувдан ичиб, чанқокларини қондиришади.