САЙЁҲ, Абдураҳмон Сайёҳ ибн Ҳожи Муҳаммад Содиқов (1879, Тошкент — 1918, Қўқон) — маърифатпарвар, ношир. Арабистон, Туркия, Ҳиндистон, Афғонистон, Япония мамлакатларига саёҳат қилгани учун ўзига «Сайёҳ» тахаллусини олган. Ўн ёшида ота-онаси, ака-синглиси билан Маккага кетади, ўша ерда оила аъзоларининг барчасидан айрилади. Кейинчалик Ҳиндистоннинг Ражпур ш. га келиб, 5—6 й. мадрасада таҳсил олади. 1906 й. да заргарлик буюмлари билан савдо қилиб, Пекин (Хитой) га боради. Хитойдан Манжурия орқали Бухорога келмоқчи бўлади. Аммо Россия ва Япония ўртасида уруш бораётгани сабабли Япония ҳукумати уни Мукден ш. да ҳибсга олади ва ПортАртур ш. да сақлайди. Уруш тугагач, Гонконг орқали Ҳиндистоннинг Калькутта ш. га юборилади. У Бомбей ш. га келиб, Россия бош консулига мурожаат қилади. Ҳинд, хитой, араб, форс, турк тилларини билгани учун 1907 й. консулхонага ишгаолинади. 1908 й. да Тошкентга қайтиб келади ва Туркистон ҳарбий округи штабида ишлайди. Шу орада Мунавварқори Абдурашидхонов билан танишади. 1915—18 й. ларда «Алислоҳ» жур. га муҳаррирлик қилади. 1912—13 й. ларда ношир ва муаллиф сифатида ислом одобахлоқи, муқаддас шаҳарлар тарихи, шунингдек, кезиб чиққан мамлакатлари ҳақида кўплаб «Саёҳатномалар» чоп эттирган. Ад: Тарихи изолатал ғайн анқиссайи Зулқарнайн, Т., 1913.
Сирожиддин Аҳмедов.