САЙЁДХОН ВА ҲАМРО

«САЙЁДХОН ВА ҲАМРО» — ўзбек, туркман, озарбайжон ва қорақалпоқ халқлари орасида кенг тарқалган ишқий-романтик достон. Унинг бир неча варианти Хоразм бахшиларидан ёзиб олинган. 19-а. нинг 2-ярми — 20-а. нинг бошларида қўлёзма ва литографик нашрлари тарқалган. Достонда Озарбайжон ҳукмдорининг ўғли Ҳамро билан Қизилолма юртининг маликаси Сайёдхон орасидаги севги саргузаштлари ҳикоя қилинган. Асарда севги, садоқат туйғулари, тўғрилик, ростгўйлик, вафо каби хислатлар улуғланган. Тошкентда (1914, араб ёзувида), Туркманистонда (1960) босилган. Достон 1964 й. да ўзбек тилида нашр этилган.