САЙЁДИЙ

САЙЁДИЙ, Сайёдий ўғли, Сайёдий ўғли Харобий (тахаллуслари; исми Саййид Муҳаммад) (17-а. нинг 2-ярми, Балх яқинидаги Хайробод қишлоғи) — шоир. Овчи (сайёд) оиласида туғилган, ўзи ҳам шу касб билан шуғулланган. Шоирнинг айрим шеърлари ҳамда «Тоҳир ва Зуҳра» достонигина етиб келган. Достонда халқ оғзаки ижодида кенг тарқалган сюжет ёзма адабиёт анъаналари асосида баён қилинган. Унда ҳақиқий муҳаббат ва инсонийлик куйланган, зўрлик ва адолатсизлик қораланган. Достонга 50 дан ортиқ ғазал шаклидаги шеърий парчалар киритилган. Достон асосида мусиқали драма (1938, Собир Абдулла) ва кинофильм (1950) яратилган.

Ас: Тоҳир ва Зуҳра, Т., 1960.

Ад.: Нишонбоева Т., Поэма Сайяди «Тахир и Зухра», Т., 1965.