САЙИЛ

САЙИЛ — йилнинг маълум фаслларида ўтказиладиган сайиллар, сайртомошалар. Сайиллар одатда Наврўз ва диний байрамлар (Рўза ва Қурбон ҳайитлари) да ва йилнинг қулай пайтларида ташаббускор кишилар томонидан ташкил этилган. С шаҳарларда, регистон майдонларида, чорсу ва расталарда, шаҳар ташқарисидаги сайилгоҳларда, шунингдек, қадамжоларда ўтказилиб, бир икки ҳафта давом этган. Сайилгоҳларда ошхона, чойхона, нонвойхоналар қурилган, мевачева, атторлик, баққоллик дўконлари очилган. Пойга, улоқ, кўпкари, кураш, чавгон мусобақалари, дарвоз, ҳофиз, созанда, раққос, масхарабоз, қизиқчиларнинг чиқишлари, айиқ, илон ўйинлари, туя, қўчқор, хўроз, ит уриштириш, мушакбозлик томошалари кўрсатилган.

Ўзбекистон мустақиллигидан сўнг халқ С. лари мазмунан ўзгариб, кўпроқ миллий тус олди. Умумхалқ байрамлари: Мустақиллик куни, Ўқитувчилар ва мураббийлар куни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунларида Сайиллар уюштирилмоқда. Баҳорда ўтказиладиган Наврўз сайли, сумалак сайли, гул сайли, бойчечак сайли, чучмома сайли, тут сайли, ёзнинг бошида сув сайли, ўрик сайли, олма сайли, куз фаслида қовун сайли, узум сайли ва бошқа Сайиллар мавжуд.

Ад.: Қорабое в У., Ўзбек халқи байрамлари, Т., 2002.