САЙФИ САРОЙИ

САЙФИ САРОЙИ (1321, Хоразм вилояти Сариқамиш қишлоғи — 1398, Искандария) — шоир, таржимон. Марказий Осиёда мўғуллар истилоси даврида яшаган, ўз ватанини тарк этишга мажбур бўлган, умри дарбадарликда кечган. Кейинчалик Олтин Ўрда (Сарой ш.), Миср ва Туркияда яшаган. Форс, араб тили, адабиёти, тарихи ва халқ оғзаки поэтик ижодини мукаммал ўрганган, лирик шоир, қасиданавис, эпик достончи ва таржимон си фатида танилган. Бизгача унинг 10 дан ортиқ ғазал, қасида, қитъа, рубоий, «Суҳайл ва Гулдурсун» достони, «Гулистони биттуркий» асари етиб келган. «Синдбоднома»ни ўзбек тилига қилган таржимаси сақланмаган. Шеърларида ватанпарварлик, одамийлик, инсон қадрқиммати, дўстлик, муҳаббат мотивлари билан бирга ижтимоий мавзу ҳам куйланган («Кунгул», «Топилмас», «Эрур» ва б.).

С. С. Саъдийнинг «Гулистон» асарини ўзбек тилига биринчи бўлиб таржима қилиб, ярим оригинал, фалсафийахлоқий «Гулистони биттуркий» асарини яратган (1391). Саъдий асарининг асосий мағзини олиб, уни замона руҳини ва маҳаллий муҳитни акс эттирувчи янги ҳикоятлар, қитъа ва байтлар билан тўлдирган. Асар 8 боб, ҳар бир бобда ҳикоятлар бор. Ҳикоятларнинг кўпчилиги дидактик мазмунда. Шоир панднасиҳат қилиш йўли билан адолат ва осойишталик ўрнатиш, золим подшо ва амалдорларни инсоф ва адолатга чақириш, давлатни қатъий қонунқоидалар асосида бошқариш, кишилар хулқ-атворини яхшилаш мумкин, деб ўйлайди. Шу мақсадда туғрилик, ростгўйлик, садоқат ва марҳамат каби фазилатларни тарғиб этади. Асар катта адабий ёдгорлик, қад. туркий тилни ўрганишда ҳам муҳим манбадир. Унинг ягона қўлёзмаси Голландиядаги Лейден ун-тида (инв. №1355), фотонусхаси, «Суҳайл ва Гулдурсун» достони қўлёзмаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида сақланади.

Ас: Шеърлар, Гулистон, Т., 1968.

Ад:. Маллаев Н., Ўзбек адабиёти тарихи, 1китоб, Т., 1976; Ўзбек адабиёти тарихи [5 ж. ли], 1ж., Т., 1977.

Бегали Қосимов.