САХА

САХА (Якутия), Саха Республикаси — Россия Федерацияси таркибидаги республика. Шарқий Сибирнинг шим. да, ҳудудининг 1/3 қисмидан кўпроғи Шим. қутб доирасида жойлашган. Новая Сибирь о. ларини ўз ичига олади. Майд. 3103,2 минг км2. Аҳолиси 948,1 минг киши (2002). Пойтахти — Якутск ш. 33 туман, 13 шаҳар ва 62 шаҳарча бор.

Давлат тузуми. Саха — республика. Республика раҳбари ва ижроия ҳокимият бошлиғи — президент. Ҳокимиятнинг олий ижроия органи — раис бошчилигидаги ҳукумат. Қонун чиқарувчи орган — икки палата (республика палатаси ва вакиллар палатаси)дан иборат Давлат мажлиси (Ил Тумэн).

Табиати. Саха ҳудудининг 2/3 қисмидан кўпроғини тоғ ва ясситоғликлар эгаллаган. Энг йирик тоғлари: Юқори Яна, Черский (Победа тоғи 3147 м — С. даги энг баланд нукта), улар орасида ЯнаОймякон тоғлиги бор. Жан. да Алдан тоғлиги, ғарбида Ўрта Сибирь ясситоғлиги, шим. ва марказида ЯнаИндигирка, Колима ва Марказий Якутия (Вилюй) пасттекисликлари жойлашган. Фойдали қазилмалардан олтин, олмос, темир рудаси, исланд шпати, ёнувчи газ, нефть конлари бор. Иклими кескин континентал; киши совуқ, 8 ой давом этади. Янв. нинг ўртача т-раси Саха марказида —34°дан —50° гача. Шим. ярим шарнинг энг совуқжойлари: ВерхоянскОймякон (—72,2° гача). Ёзи қисқа, илиқ. Июлнинг ўртача т-раси 18—19°. Йиллик ёғин —200—700 мм.

Саха ҳудудининг ярмидан купи Лена дарёси ва унинг ирмоқдари — Алдан, Вилюй, Олёкма ҳавзасида. Шим. да Анабар, Оленек, Яна, Индигирка, Алазея, Колима дарёлари оқади. Дарёлардан кема қатновида, ёғоч оқизишда, гидроэнергия олишда фойдаланилади. Саханинг кўп қисми абадий музлоқ ерлардан иборат. Тоғли (музлаб ётган) жойларда тайга тупроклари ва тоғ тундра тупроклари учрайди. Марказий Сахада чимли ўрмон, қумоқ, аллювиалўтлоқи тупроқлар, қолган жойларда тоғўрмон ва тундраглейли тупроклар тарқалган. Ҳудуднинг 9/10 қисми ўрмон (аксари тилоғоч) билан қопланган. Қутб тулкиси, олмахон, оқ қуён, тулки, соболь каби мўйнали ҳайвонлар овланади, сувларида балиқ кўп. Саха ҳудудида Олёкма табиий қўриқҳонаси, Мом, Сиинэ, УстьВилюй, Лена табиий боғлари бор.

Аҳолиси. Саха (33,4%), рус (50,3%), украин (7%), татар (1,6%), эвен, эвенк, юкагир, чукча ва б. яшайди. Шаҳар аҳолиси 64,2%. Республиканинг давлат тили — саха ва рус тили. Диндорларнинг аксарияти православлар. Йирик шаҳарлари — Якутск, Нерюнгри.

Тарихи. Сахада юқори палеолит давридан одам яшайди. Мил. дастлабки асрларда Саха ҳудудига эвенкларнинг аждодлари кўчиб келган. 10—15-а. ларда Байкал атрофидан келган туркий кабилалар билан туб аҳолининг аралашувидан саха халқи таркиб топган. 17-а. нинг 30й. ларида С. Россияга қўшиб олинди. 1632 й. руслар Якутск қалъасини қуриб, ўлкани бошқариш марказига айлантирди. 19-а. 40йларида Олёкма ва Витим дарёлари бўйида олтин конлари топилди. 19—20-а. ларда подшо хукумати Сахани сиёсий маҳбуслар сургун қилинадиган жойга айлантирди. 1922 й. да Россия Федерацияси таркибида Якутия мухтор совет ресггубликаси ташкил этилди. Совет ҳокимияти бу ўлканинг бебаҳо табиий бойликларини бутун мамлакат иқгисодиётига хизмат қилдирди. 1990 сент. да республиканинг давлат суверенитети эълон қилинди, 1991 й. окт. да президент лавозими таъсис этилди, 1991 й. дек. да номи ўзгартирилиб, Саха (Якутия) Республикаси деб аталадиган бўлди.

Хўжалиги. Кончилик ва и. ч. саноати иқтисодиётнинг асосини ташкил этади. Умумроссия ва жаҳон бозорига ноёб хом ашё — мамонт суяги ва буғу шохи етказиб беради. 1990—2000 й. ларда ялпи маҳсулотда саноатнинг улуши 53,5%, қ. х. нингулуши 2,9%, қурилишнинг улуши 4,1%, транспортнинг улуши 3%, савдонинг улуши 7,1% бўлди. Барча корхоналарнинг 65,3% хусусий, 11,5% давлатга қарашли.

Саноатнинг асосий тармоклари: рангли металлургия (саноат и. ч. умумий ҳажмининг 77,4%), ёқилғи (10,3%), электр энергетика (7,4%), озиқ-овқат (2,2%), ўрмон, ёгочсозлик ва целлюлозақоғоз (0,7%), бинокорлик материаллари саноати (0,6%), машинасозлик ва металл ишлаш (0,4%), енгил саноат (0,2%). Энергетика махаллий кумир, табиий газ, гидроэнергия захиралари ва келтирилган нефть асосида ишлайди (Вилюй ГЭС, Якутия, Нерюнгри ва Чульман ГРЭСлари). Кончилик саноатида олмос, олтин, қалай, сурма, симоб, вольфрам, кўмир қазиб олинади. Жатай шаҳарчасида кемасозлик ва кема таъмирлаш з-ди, Лена ва Олёкма туманларида ўрмон саноати ривожланган.

Қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотининг 27,8% деҳқончиликка, 72,2% чорвачиликка тўғри келади. Саха ҳудудининг тахм. 900 минг гадан фойдаланилади. Бу ерларнинг асосий қисми пичанзор ва яйлов, 1/10 қисми ҳайдалади. Чорвачилигида қорамол, от, буғу боқилади, мўйнабоп даррандачилик ва овчилик (олмахон, тулки, оқ сувсар, ондатра, оқ куён, соболь боқиш ва овлаш) ривожланган; балиқ овланади. Деҳқончиликда ғалла (буғдой, арпа, сули), картошка, сабзавот экилади. Транспорт нинг барчатурлари мавжуд. Т. й. узунлиги — 165 км, қаттиқ қопламали автомобиль йўллари уз. 7190 км. Ички сув йўллари уз. — 11,7 минг км. Лена ва Колима дарёлари қуйилиш жойида 2 та денгиз порти (Тикси ва Зелений Мис), Якутскда халқаро аэропорт, Таас—Тумус—Якутск—Покровск газ қувурлари бор. Шим. денгиз йўли бўйлаб кемалар қатнайди.

Тиббий хизмати, маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. 1990й. лар охирида Сахада 5187 врач аҳолига тиббий хизмат кўрсатди. Саха сил касалликлари и. т. институти бор. 711 умумий ўрта таълим мактабида 198 минг, 20 ўрта махсус ўқув юртида 10,8 минг ўқувчи, 2 олий ўқув юрти — С. давлат ун-ти ва Қ. х. академиясида 8,1 минг талаба таълим олди. Россия ФА Сибирь бўлимининг Илмий маркази тарих, тил ва адабиёт, биология, Шим. физикатехника муаммолари, Шим. кончилиги интларини бирлаштиради. Россиядаги ягона музлоқшунослик илмий тадқиқот ин-ти шу ерда жойлашган. 10 санаторийкурорт муассасаси бор. Телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар саха ва рус тилларида олиб борилади. Якутскда телемарказ ишлайди.

Адабиёти саха халқининг қахрамонлик эпоси — олонхо (достонлар туркуми), эртак ва кўшиклар, тарихий ривоятлардан бошланади. Уларда сахаларнинг 8—9-а. лардаги ҳаёти, бошқа туркий халқлар билан қўшничилиги, душманга қарши кураши акс этган. Саха ёзма адабиёти 20-а. бошларида пайдо бўлди. А. Кулаковский, А. Софронов, Н. Неустроев асарларида саха халқининг уқубатли ҳаёти, оғир меҳнати тасвирланган. 20й. ларда дастлабки замонавий достон ва қиссалар босилиб чикди, ҳикоянавислик ривожланди ( П. Ойунский, Н. Неустроев, А. ИвановКюндэ ва б.). 30й. ларда Элляй (С. Кулачиков), АммаАччигийа (Н. Мординов), ЭриликЭристин (С. Яковлев), Омоллон (Д. Сивцев), А. Кудрин (Абачинский) каби ёзувчиларнинг вояга етиши саха адабиётини равнақ топтирди. Улар ўзларининг назмий ва драматик асарларида халқнинг меҳнати ва ҳаётини ҳаққоний тасвирладилар. 50—90й. ларда саха адабиёти Болот Боотур, П. Тобуроков, С. Тарасов, С. Руфов, И. Данилов асарлари билан бойиди.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Сахаларнинг қад. турар жойлари тўғри бурчакли режадаги ёғоч ўтовлар ва «буоржие» деб аталган бостирмалардан иборат бўлган. Ёзда синчдан тикланиб, томи қайин пўстлоғи билан ёпилган «ураса» (чайла)да яшаганлар. 19-а. дан ёғоч деворли уй (изба)лар урф бўлди. 17-а. да тик қадалган учли ходалардан қалъа (острог)лар курилди. Кейинчалик улар ўрнида Якутск, Вилюйск, Олёкминск, Верхоянск, Среднеколимск ш. лари пайдо бўлиб, 18-а. да ғиштли бинолар курила бошлади. 19—20-а. ларда Саха ер ости бойликлари ўзлаштирилиши муносабати б-н Алдан, Ленек, Мирний, Нерюнгри шлари қад. кўтарди, улардаги бино ва иншоотлар йирик блок, панель ва пишик, ғиштдан қуридди. 20-а. нинг 2-ярмида Якутскда Рус драма театри (1957, меъмори И. Бондарев), аэровокзал (1963, меъмори Н. Суханов), ун-т (1967, меъмори И. Бондарев) ва б. курилди.

Саха худудида неолит, жез ва илк темир даврларига оид сопол идишлар, буғу шохидан ясалган бадиий буюмлар, қояларга ишланган ов манзаралари топилган. Халқ ижодкорлигининг ҳар хил турлари (ёғоч ўймакорлиги, каштачилик, заргарлик, мамонт суяги ва морж тишидан бадиий буюм ҳамда ҳайкалчалар, мўйнадан нақшли кийим ва гилам ясаш кабилар) билан қадимдан шуғулланиб келинган. Кейинги даврда профессионал тасвирий санъат ривожлана бошлади. 20-а. нинг 30й. ларида рассомлардан Н. Носов, И. Попов, В. Кандинский, П. Романов, ҳайкалтарош П. Добринин, 50—80й. ларда ранг-тасвирчилардан Л. Ким, Л. Габишев, Ф. Павлов, А. Осипов, графиклардан В. Васильев, Л. Неофитов, ҳайкалтарошлардан С. Егоров, К. Пшенников, К. Герасимов, ТАммосов ва б. ижод қилди. Амалий безак санъати турлари қайта тикланди.

Мусиқаси ўзига хос яккахонлик, давра қўшикларидан иборат. Олонхосут деб аталувчи оқинлар мураккаб олонхо достонларини зўр маҳорат (гоҳ эртаксимон чўзиб, гоҳ жанговар жазава) б-н ижро этадилар. Ишқий ва рақсбоп қўшиқлар эса шўхчан оҳангда айтилади. Давра бўлиб тушиладиган рақслар осуохай деб аталади. Чолғу асбоблари: кириимпа (сахача ғижжак), хомус (сахача чанг қўбиз), кюпсюр (барабан) ва б. 1920 й. Якутскда симфоник оркестр, 1921 й. мусиқа студияси, 1936 й. С. миллий театри хузурида хор ташкил этилган. Г. Григорян, Г. Литинский, Л. Вишкарёв, Г. Комраков, Ж. Батуев ва б. композиторлар турли мусиқа жанрларини ривожлантирдилар. Ижрочилар орасида дирижёрлар М. Бенедиктов, А. Кулешов, Г. Кривошапко, Г. Танигин, опера реж. А. Егорова, хонандалар М. Лобанов, А. Ильина машхур. Бир неча мусиқа билим юрти бор. Театри. Саха фольклорида, айниқса, олонхо эпосида театр ҳаракати унсурлари бўлган. 20-а. бошларида бадиий ҳаваскорлик ривожланди. Саха тилидаги биринчи спетакль 1906 й. ҳаваскор халқ оқинлари ижросида саҳналаштирилди. 1920 й. Якутскда рус драма театри (ҳоз. Давлат драма театри) ташкил этилди. 1925 й. шу театр қошида саха труппаси ишлай бошлади, бу труппа 1926 й. миллим театрга айлантирилди. Унда маҳаллий ёзувчилардан Н. Неустроев, П. Ойунский, Д. Сивцев, Саха Ефремов ва б. ларнинг пъесалари, халқ қаҳрамонлик эпослари асосидаги асарлар қўйилди. Якутскда П. Ойунский номидаги драма театри, Нюрбада сайёр драма театри бор. Таникди театр арбоблари: В. Местников, Д. Ходулов, С. Григорьев, Д. Слепцов, Г. Колесов ва б.