САВОДЛИЛИК

САВОДЛИЛИК, саводхонлик — 1) аҳоли маданий савияси курсаткичларидан бири;

2) одамнинг адабий тил нормаларига мувофиқ келадиган оғзаки ва ёзма нутқ малакаларига эгалиги;

3) оддий матнларни ўқий олиш ёки уларни ўқиш ва ёза олиш кўникмасига эгалик;

4) муайян соҳа бўйича билимга эгалик (сиёсий С, техник С, тиббий С). «Саводлилик» тушунчасининг мазмунмоҳияти жамият тараққиётининг турли босқичларида унинг ижтимоий, сиёсий, илмий, маданий ҳамда руҳий савиясига боғлиқ равишда ўзгариб туради. Сиёсий қарашларнинг нохолислиги ва миллий камситиш руҳидаги ёндашувлар бирор мамлакат ёки миллат С. даражасини белгилашда салбий таъсир кўрсатади. Чунончи, чор Россиясида чиқадиган «Вестник воспитания» жур. 1900 й. да Туркистон ўлкаси ниҳоятда қолоқ ҳамда мутлақо саводсиз элатлардан иборат ва уларни саводли қилиш учун камида 4600 й. керак деган ғирт сохта хулосани ёзган. Шўро давридаги деярли барча илмий манбаларда эса, 1917 й. Окт. тўнтаришига қадар Ўзбекистон аҳолисининг 1,5—2% гина саводли деган ёлғондан иборат маълумотлар кўрсатиларди. Ҳолбуки, 1897 й. ги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Россия маркази аҳолисининг Саводлилик даражаси 21% га, Туркистон ўлкаси халқининг С даражаси эса 19,5% га тенглиги қайд этилган. Сўнгги даврда олиб борилган тадқиқотлар натижасида аниқданган, аммо ҳали ҳам унчалик тўла бўлмаган маълумотларга кура, 1913 й. Туркистон ўлкасида 7665 мактаб ва Мадраса фаолият кўрсатган. Бу рақам ўлкамиз аҳолисининг Саводлилик даражаси расмий маълумотларда қайд этилганига қараганда анча баланд бўлганлигини кўрсатади.

Шўро ҳукумати уз сиёсий манфаатларидан келиб чиқиб, аҳолининг Саводлилик даражасини юксалтириш борасида бир қатор ишларни амалга оширди. 1919 й. 26 дек. да РСФСР ХКС томонидан чиқарилган Декретда 8 ёшдан 50 ёшгача бўлган ўқишни билмайдиган ҳар бир одам ўз хоҳиши билан она тили ёки рус тилида савод чиқариши лозимлиги белгилаб қўйилди. Бу тадбир аҳолининг Саводлилик даражасини юксалтиришга ижобий таъсир кўрсатди. Айни вақтда, сездирмай амалга оширила бошлаган руслаштириш сиёсатининг кўриниши ҳам бўлди. 1920 й. да мамлакат Маориф халқ комиссарлиги қошида Саводсизликни тугатиш комиссияси тузилди. Мамлакатдаги барча вилоят, шаҳар ва туманларда бу комиссия шўъбалари вужудга келтирилиб, савод чикариш мактаблари ҳамда курслар ташкил этиш билан шуғулланди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг аҳолининг Саводлилик даражасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Чунки жамият аъзоларининг Саводлилик даражаси мамлакат тараққиётини таъминлайдиган асосий омиллардан бири эканлиги англаб етилди. Шунинг учун ҳам Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул килиниши (1997) муносабати билан мажбурий таълим муддати бир йилга узайтирилди. Энг муҳими, таълимнинг мазмуни, уни ташкил этиш йўли, таълим моҳиятини белгилаш борасида янги концепцияга амал қилина бошланди. Миллий истиқяол ғоясини сингдириш умумдавлат аҳамиятига эга тадбир сифатида қараладиган бўлиши билан Саводлиликнинг аҳамияти ҳам сезиларли даражада ортди. Мамлакатимизда таълим тизими шундай уюштирилганки, бирор соғлом киши ўқишдан четда қолмайди.

«Саводлилик» тушунчаси турли жойларда турлича белгиланади. Айрим мамлакатларда оддий матнларни ўқишни билган одам саводли ҳисобланган бўлса, баъзи юртларда ўқиш билан бирга ёзишни ҳам билган одам саводли ҳисобланган. Шунинг учун ҳам «Саводлилик» тушунчаси моҳиятини тайин этиш масаласи демографик статистика ва аҳоли рўйхати дастурларига доир халқаро йиғилишларда бир неча бор кўриб чиқилган. ЮНЕСКО нинг 1958 й. Парижда бўлиб ўтган 10сессиясида барча мамлакатларда Саводлилик тушунчасини бир хиллаштириш мақсадида ёзувни тушуниб ўқий оладиган ва ўзининг кундалик ҳаётини ёзма равишда баён қила биладиган кишиларни саводли ҳисоблашга келишилган.

Илм-фан тинимсиз ривожланаётган, ахборот технологияси такомиллашиб, и неон тафаккурининг имконияти юксалиб бораётган айни кунларда ҳам Саводлилик даражаси дунё миқёсида у қадар юқори эмас. ЮНЕСКОнинг тегишли тизимлари берган маълумотларга кўра, ривожланаётган мамлакатларда аҳолининг тез кўпайиши, болаларнинг таълим тизимига тўлиқ жалб этилмаслиги сабабли Саводлиликнинг пасайиб бораётганлиги кузатилмоқда. Ҳатто юксак даражада ривожланган мамлакатларда ҳам саводсиз кишилар микдори аҳоли қатламининг каттагина фоизини ташкил этади. Шунинг учун ҳам 1966 й. ЮНЕСКО нинг Бош анжуманида 8 сент. Халқаро савод тарқатиш куни эканлиги белгилаб қўйилди.

Қозоқбой Йўлдошев.