САРИОСИЁ — Сурхондарё вилоятидаги шаҳарча. Сариосиё тумани маъмурий маркази. Яқин т. й. станцияси Сариосиё (7 км). Аҳолиси 14,3 минг киши (2000). Хўжаликлари ва аҳолиси Тўполондарёдан сув олади. Шаҳарча ёнида Тўполон сув омбори бор. Маҳаллий топонимистларнинг фикрича, туман номи «cap—бош ва осиё — тегирмон, яъни «тегирмон боши» маъносини англатади. Сариосиёда саноат, транспорт, алоқа корхоналари, деҳқон бозори, савдо маданий, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари мавжуд.
Паррандачилик корхонаси ишлаб турибди. Умумий таълим мактаблари, коллеж, махсус интернатмактаб, маданият уйлари, стадион, касалхона, дорихона ва б. тиббий муассасалар фаолият кўрсатади.