САРИМСОҚ

САРИМСОҚ (Allium sativutn) — пиёздошлар оиласи пиёзлар туркумига мансуб икки ва кўп йиллик ўтсимон ўсимликлар тури, сабзавот экини. Ватани — Ўрта Осиё. Ёввойи хрлда Ҳиндистон, Ўрта денгиз атрофларида, Қозоғистон, Сибирь, Кавказ ва Ўрта Осиёда учрайди. Ўзбекистонда ёввойи Саримсоқ (А. longicuspis Pgl.) тоғли минтақаларда ўсади. Жаҳондаги деярли барча мамлакатларда етиштирилади. Маданий Саримсоқнинг 2 тури мавжуд бўлиб, бири гулпоя чиқармайди, иккинчиси гуллаб, уруғ ҳосил қилади. Саримсоқнинг Ўзбекистонда тарқалган гулпоя чиқарувчи навлари серҳосил, қишга чидамли. Барги лентасимон, илдизи патак. Гуллари майда, икки жинсли, қўнғироқсимон, оқ ёки бинафшаранг. Пиёзи мураккаб, пардасимон умумий қобиқ ичида 7 — 30 дона майда пиёзчалари бўлади. Таркибида қанд, С, В витаминлари, эфир мойи, фитонцидлар бор. Озиқовқатга, тиббиётда, ветеринарияда, сабзавотларни консервалашда ишлатилади.

Саримсоқ бошқа сабзавотларга нисбатан тез ўсади. —7, —8° совуққа чидамли, 10 — 12° иссикда яхши ўсиб ривожланади, 20—25° да пишиб, етилади. Саримсоқ икки марта — баҳорда ва, асосан, кузда экилади. Кузда экилганидан келгуси йили баҳорда ҳосил олинади. Маданий С уруғ бермайди, балки пиёзидан ташқари гулпояси тўпгулида 10 дан 45 тагача поя саримсоқчалари ҳосил қилади. Саримсоқ вегетатив йўл б-н, кузда ва баҳорда пиёзини бўлакларга ажратиб экиб кўпайтирилади. 100 м2 ерга шундай пиёзчалардан 10—15 кг сарф қилинади. Суғориладиган унумдор ерларга қатор ораларини 45 см, ўсимлик оралиғини 4—8 см қилиб, 4—6 см чуқурликка кўмилади. Экиб бўлингач, тупроқ, сомонли гўнг, чиринди билан мульчаланади. Ўсув даврида 5—6 марта суғорилади, озиклантирилади, парвариши пиёзга ўхшаш. Баҳорда ўсиб чиққан гулпоя (карнай) лари юлиб ташланади. Узбекистонда эртапишар (Майский) нави май ойининг охирларида, кечпишар (Бинафшаранг, Жан. бинафшаранг, Андижон) навлари июль бошларида етилади. Ҳосилдорлиги 50—150 ц/га.

Касалликлари: вилт, асосий зараркунандаси — поя нематодаси.