САНКЦИЯ

САНКЦИЯ (лот. sanctio — қатъий қарор) — 1) ҳуқуқбузарга нисбатан қўлланиладиган ва унинг учун муайян оқибатлар келтирувчи чора. Санкция характери ва қайси орган томонидан қўлланилишига қараб жиноий-ҳуқуқий, маъмурий-ҳуқуқий, интизомийхуқуқий, мулкий Санкцияга бўлинади. Жиноий-ҳуқуқий Санкция (озодликдан маҳрум қилиш, сургун ва ҳ. к.) фақат суд томонидан қўлланилади; маъмурий-ҳуқуқий Санкция (жарима, маъмурий қамоқ) милиция, полиция, давлат инспекцияси ва ш. к. томонидан; интизом и йҳуқуқи й С. (лавозимини пасайтириш, ишдан бўшатиш) — мансабдор шахслар ва маъмурият томонидан; мулкий Санкция (мас, қоида бузувчининг жабрланувчига етказилган зиённи тўлаши ёки жабрланувчи фойдасига ундириб берилиши, битим, шартнома ёки контрактни ҳақиқий эмас деб топиш, неустойка тўлаш ва ш. к.) суд, хўжалик суди томонидан алоҳида чора сифатида ёки бошқа чоралар билан биргаликда қўлланилади;

2) умумий ҳуқуқий норманинг мазкур нормани бузувчига нисбатан таъсир кўрсатиш чорасини ичига олган бир қисми;

3) жиноятда гумон килинган шахсга нисбатан мажбурий чора (қамоққа олиш, тинтув ва б.) кўриш учун прокурор томонидан бериладиган рухсат;

4) халқаро хуқуқца — ўз халқаро мажбуриятларини ёки халқаро ҳуқуқ нормаларини бузган давлатга нисбатан қўлланиладиган таъсир чораси (камал, бойкот, эмбарго, репрессалиялар, реторсиялар ва б.);

5) юқори инстанциянинг бирор нарсани тасдиклаши, ижозати.