САМКОЧАВТО ҚЎШМА КОРХОНАСИ

«САМКОЧАВТО» ҚЎШМА КОРХОНАСИ — автомобилсозлик саноати корхонаси. «Ўзавтосаноат» уюшмаси таркибига киради. «Ўзавтосаноат» ва «Коч холдинг А. Ш.» (Туркия) компаниясининг ҳамкорлигида ташкил этилган. Ўрта ҳажмли автобуслар ва юк машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий муносабатлар асосида қўшма корхонани қуриш тўғрисида 1995 й. да битим, 1996 й. да таъсис ҳужжатлари имзоланди. Корхона қурилишини молиялаштиришда Ўзбекистон Республикаси (50%), Туркия томонидан «КочАвтоинвест ЛТД» (40%), «РамДиш тижарет А. Ш.» (5%), «Коч холдинг А. Ш.» (5%), компаниялари қатнашган. 1999 й. март ойида зднинг дастлабки маҳсулотлари — шаҳар ичида ва шаҳарлараро йўловчи ташишга мўлжалланган ўрта ҳажмли автобуслар, ишлаб чиқарилди. 2000 й. дан 2 т дан 5 т гача юк кўтарадиган машиналар и. ч. ўзлаштирилди. 2002 й. шахарлараро йўловчи ташувчи турбодизелли двигатель ўрнатилган автобуслар ва 10 тонна юк кўтарадиган юк машиналари ишлаб чиқарила бошлади. 2002 й. да, шунингдек, ўт ўчириш, ассенизацион, эвакуатор, ёқилғи, ичимлик сув, чиқинди, нон ва нон маҳсулотлари ташувчи махсус автомобиллар и. ч. йўлга қўйилди. 2003 й. да шаҳар ичида 50 йўловчи ташишга мўлжалланган автобус, 20 тонна юк кўтарадиган «Форд» русумли юк машинаси ишлаб чиқариш бошланди. Корхонада Япония, Германия, Италия, Англия ва Туркияда ишлаб чиқарилган энг замонавий технологик ускуналар ўрнатилган. Корхонада ишлаб чиқарилаётган автомобиллар таннархини камайтириш, уларнинг бутловчи ва эҳтиёж қисмларини маҳаллий корхоналарда и. ч. чоратадбирлари кўрилмоқда. Корхонада 2002 й. 414 та автомобиль ишлаб чиқарилди. Корхона маҳсулотлари Ўзбекистон ички бозорида сотилади, шунингдек, Россия, Украина, Қозоғистон, Афғонистонга экспорт қилинади. Экспорт салмоғини ошириш мақсадларида шу давлатларда корхонанинг ваколатхоналари очилган.