САМАД ВУРҒУН (тахаллуси; асл исм-шарифи Самад Юсуф ўғли Векилов) (1906.12.5, Юхари Салахли қишлоғи — 1956.27.5, Боку) — озарбайжон шоири, драматург ва жамоат арбоби. Озарбайжон халқ шоири (1955), Озарбайжонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1943). Озарбайжон ФА акад. (1945). Ижоди 1924 й. дан бошланган. СВ. ижодининг дастлабки даврида озарбайжон шеъриятига кириб келаётган формализм кўринишларига қарши курашган. «Шоирнинг қасами» (1930), «Фонар» (1932) шеърий тўпламлари, «26» (1935), «Басти» (1937), «Толистон» (1938) ва «Муған» (1940) достонларида 30й. лардаги меҳнат ва кураш романтикаси ўз ифодасини топган. Самад Вурғуннинг шу даврдаги ижодида «Воқиф» шеърий драмаси (1937) алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, унда 18-а. да яшаган озарбайжон шоири Воқифнмт машаққатли ҳаёти ва ижодий фаолияти катта маҳорат билан тасвирланган. «Фарҳод ва Ширин» драмаси (1941) Низомийнинг «Хусрав ва Ширин» достони асосида ёзилган. У «Ханлар» (1939) шеърий драмаси, «Она сўзи» (1941), «Ойгун» (1951), «Негр сўзлайди» (1948) достонлари ҳамда «Ёндирилган китоблар» (1947) шеърий туркуми муаллифи. Инсонпарварлик, ватанпарварлик ва байналмилаллик СВ. ижодининг ғоявий асосларини ташкил этади. СВ. озарбайжон шеъриятида замонавий тил ва услубнинг шаклланишига катта ҳисса қўшган. Низомий Ганжавий, Алишер Навоий, Ш. Руставелли, А. С. Пушкин, Т. Шевченко, М. Горький асарларини озарбайжон тилига таржима қилган. Унинг бир қанча шеър ва достонлари ўзбек тилида нашр этилган.
Ас: Танланган асарлар, Т., 1958.