САЛАВКИЙЛАР ДАВЛАТИ

САЛАВКИЙЛАР ДАВЛАТИ — Яқин ва Ўрта Шаркдаги йирик давлат (мил. ав. 312—64). Александр тузган салтанат таназзулга учрагач пайдо бўлган. Асосчиси Салавк I. Пойтахтлари — Дажла дарёси бўйидаги Салавкия (300 й. гача), 300 й. дан — Оронт дарёси бўйидаги Антиохия бўлган. Давлатнинг номи ҳукмронлик қилган сулола номидан олинган. Баъзан, асосий ҳудудининг номи билан Сурия подшолиги деб ҳам юритилган. Салавк I Мидия, Сузиана, Форсия (Персида) кейинчалик Ўрта Осиёнинг жан. — Бактриянп босиб олган. Мил. ав. 301 й. Месопотамия ва Сурия, мил. ав. 281 й. Кичик Осиё ҳам Салавкийлар давлатига қўшиб олинган. Салавкийлар давлати ҳудудидан ўтган савдо йўллари (Кичик Осиё ва Сурияни Арабистон, Форс қўлтиғи, Ўрта Осиё, Ҳиндистон ва Хитой билан боғлаган) ички ва транзит савдонинг кучайиши ва ҳунармандчиликнинг ривожланишига сабаб бўлди. Салавк I мил. ав. 293 й. да ўғли Антиох I ни Ўрта Осиё ерларига ҳоким этиб тайинлайди. Ўрта Осиёнинг бир қанча муҳим сиёсий ва ижтимоийиқтисодий воқеалари Салавк I, айниқса, Антиох I ҳукмронлиги б-н боғлиқ. Бу даврда Бақтрия ҳаётида дастлабки тангалар — олтин, кумуш, мис драхма ва тетрадрахмалар зарб қилина бошланади. Салавкийлар даврига оид тангалар Термиз, Тахти Сангин, Денов, Кампиртепа, Афросиёбдан топилган. Салавкийлар давлати марказидан четда бўлишига қарамай, Ўрта Осиё ушбу давлатнинг энг муҳим қисми бўлиб, ҳарбийстратегик ва иқтисодий аҳамиятга эга эди. Ўрта Осиё бўйлаб ўтган савдо йўллари бўйида шаҳарлар ва қишлоклар қурдирилгани бежиз эмас. Маъмурий бошқарув жиҳатдан давлат сатрапияларга (манбалар 20—30 та дан 72 тагача сатрапия бўлганлиги ҳақида маълумот беради) ва нисбатан кичик ҳудудий бирлашмалар — эпархия, гиппархия, тонархияларга бўлинган. Юнон ҳокимлари ва улар атрофида тўпланган юнон зодагонлар билан бирга маҳаллий зодагонлар ҳам ҳокимлик қилар эдилар. Салавкийлар ҳокимияти, аввало, Ўрта Осиёдаги ҳарбий манзилгоҳларда жойлашган ҳарбий кучларга таянар эди. Мил ав. 3-а. нинг ўрталарига келиб Салавкийлар давлатида ҳокимият учун ўзаро курашлар авж олиб кетади. Бу эса Ўрта Осиёда Салавкийлар ҳокимиятининг барҳам топишига олиб келди ва мил. ав. 250 й. да Салавкийлар давлатидан дастлаб Парфия кейин эса ЮнонБақтрия подшолиги ажралиб чиқди. Бутун давлат инқирозга юз тутиб мил. ав. 64 й. фақат ҳоз. Сурия ҳудудидан иборат бўлиб қолди ва ўша йили Рим провинциясига айлантирилди. Ўрта Осиёнинг Салавкийлар давлати д таркибига кирган даври, юнонмакедон юришлари пайтида вайрон бўлган ишлаб чиқарувчи кучларнинг тикланиши ҳамда бақтрияликлар, суғдийлар, парфияликларнинг босқинчиларга қарши бирлашув даври бўлиб қолди.