САЛАВК I

САЛАВК I Никатор (юн. Seleukos Nikator — «Музаффар») (мил. ав. 358/ 354—281/280) — Салавкийлар давлати ва сулоласи асосчиси. Македониялик машҳур Антиохнинг ўғли. 326 й. Александрнинг Ҳиндистонга қилган юришларида машҳур саркарда сифатида ном чиқарди. Александр ўлгандан кейин унинг сафдошлари (диадохлар) билан тахт учун шафкатсиз кураш олиб борди. 321 й. Бобил сатраплигини бошқариш унга топширилган. 312 й. га келиб («салавкийлар эраси»нинг бошланиши) бу ерда мустаҳкам ўрнашиб олгач, Мидия, Сузиана ва Форсия (Персида)ни, кейинчалик Бақтрияни ҳам ўз мулкига қўшиб олди ва ўзини шоҳ деб эълон қилди. Тахм. 305 й. да Ҳиндистонга муваффақиятли юриш қилди, лекин Ғарбдан ташвишли хабар олгандан сўнг, ҳинд шоҳи Чандрагупта билан 500 фил эвазига сулҳ тузди ва эгаллаб олган ҳудудни қайтариб берди. Ипсдаги жанг (мил. ав. 301) натижасида (диадохлар ўртасида ер бўлинганда) Месопотамия ва Сурияни олди. 281 й. Лисимахни тормор қилиб Кичик Осиёнинг деярли ҳамма ҳудудини эгаллаб олди. С. I Македониянинг подшоси бўлиш мақсадида Фракия ва Македония томон юриш бошлаган. Лекин, Птолемей Лагнинг ўғли Птолемей Керавн томонидан ўлдирилган. Салавк I 70 га яқин шаҳарга асос солган. Бу шаҳарлар Салавкийлар давлатининг таянчига айланган.