САКСОНИЯ

САКСОНИЯ — Германия ери (федератив бирлик). Мамлакатнинг жан. шарқий қисмида, Чехия билан чегарадош. С ҳудудидан Эльба дарёси оқиб ўтади. Майд. 18,4 минг км2. Аҳолиси 4,38 млн. киши (2001). Маъмурий маркази — Дрезден ш.

Саксония ГФР ери сифатида янги ташкил қилинган бўлсада, узоқ тарихга эга. Қадимда у тарихий вилоят бўлган. 10-а. да тузилган Мейсен маркази Саксониянинг негизи бўлган. 1806 й. дан қироллик. 1918 й. да Саксонияда қироллик ағдарилиб, республика эълон қилинди. 2-жаҳон урушига қадар С ҳудудида жойлашган Дрезден, Лейпциг ва Хемниц ш. лари мамлакатнинг индустрия марказлари бўлган. 1952 й. да ҳудуд ГДР таркибидаги бир неча округга бўлинган. 1990 й. да ушбу округлар ер сифатида бирлашиб ГФР таркибига кирди. Саксония — Германиянинг аҳоли энг зич жойлашган ва саноати ривожланган ерларидан. Етакчи саноат тармоғи — машинасозлик (хусусан, автомобилсозлик, радиоэлектроника ва электротехника саноатлари), тўқимачилик саноати учун машина ва станоклар, совиткич ва фотоаппаратлар ишлаб чиқарилади. Кимё, полиграфия, тўқимачилик, тикувчилик саноати корхоналари бор. Дрезден ш. туризм марказларидан (йилига 5 млн. сайёҳ келибкетади). Лейпцигда қадимдан ноширлик иши ривожланган. Бу ерда ҳар йили халқаро китоблар ярмаркаси утказил ади.