САКСОФОН

САКСОФОН (инг. saxophone) — пуфлама тилчали мусиқа чолғу асбоби. Бельгиялик мусиқа чолғулари устаси А. Сакс ихтиро килгани (1841) учун унинг номи билан аталган. Турли (жез, рух ва б.) металлар қоришмасидан тайёрланади. Мундштуги якка тилли. Чалғичбармоқ тешиклари клапанлар билан беркитилади. Асосан, 7 тури (сопранинодан контрабасгача) мавжуд. Ёркин, кучли ва ширали товуши, кенг техник (виртуоз) имкониятларга эга бўлган Саксофон жаз мусикасида асосий чолғулардан ҳисобланади. Пуфлама созлар оркестри, эстрада оркестри, баъзида симфоник ва опера оркестрлари таркибига киради. Якканавоз концерт мусиқа чолғуси сифатида ҳам фойдаланилмоқда (К. Дебюсси, Рапсодия; А. Глазунов, Саксофон ва торли оркестр учун концерт ва б.).

Ўзбекистонга 19-а. нинг охирги чорагида рус ҳарбий оркестрлари билан бирга кириб келди. Ҳозирда Ўзбекистон Қуролли Кучлар оркестрлари, турли эстрада оркестр ва ансамбллари таркибидан ўрин олган. 1990 й. Ўзбекистон давлат консерваториясида, кейинчалик, мусиқа коллежларида Саксофон синфи очилган. Ш. Эсонбоев, Б. Шукуров, Ю. Живаев, Б. Муртазоев, Ю. Гулзаров каби Саксофон ижрочилари танилган.