САККОКИЙ (15-а.) шоир. Исми, туғилган ва вафот этган йиллари номаълум. Самарқандда Халил Султон (140509) ва Улуғбек ҳукмронлиги даврида яшаб, ижод этган. Алишер Навоий С. ижодига юксак баҳо берган: «Туркий алфозининг булағосиндин Мавлоно Саккокий ҳам Лутфийларким, бирининг ширин абётининг иштиҳори Туркистонда бағоят ва бирининг латиф ғазалиётининг интишори Ироқ ва Хуросонда бениҳоятдудур» («Хутбаи давовин»), С. халқининг бой оғзаки ижодини, салафлари асарларини пухта ўрганган ва ижодий озиқланган. Туркий тилда асарлар яратиш, унинг бой ички имкониятларидан фойдаланиш борасида кўп иш қилган. Асарларида инсон муҳаббати, орзутилакларини, дардаламларини, табиат гўзалликларини тасвирлаган. Ғазалларида маъно ва шакл бирлигини сақлаб, сўз ўйинлари ва қочиримлардан унумли фойдаланган. Унинг лирикасида жаҳолат ва нодонликка қарши адолатпарварлик ғоялари илгари сурилган. Бундай ғоялар Саккокийнинг қасидаларида очиқроқ намоён бўлган.
Саккокий ўзбек адабиётида қасида жанрига асос солган шоирлардан. Хожа Муҳаммад Порсо, Халил Султон, Улуғбек ва Арслон Хожа Тархонларга бағишлаб қасидалар ёзган. Қасидаларидан бирида Улуғбекни халқнинг меҳрибон ҳукмдори, маърифатпарвар ва буюк олим сифатида улуғлайди. Шундай маърифатпарвар подшоҳ билан замондош бўлганидан фахрланади ва: Фалак йиллар керак сайр этсаю келтирса илкига, Менингдек шоири турку сенингдек шоҳи донони, деган мисрларини ёзган.
Саккокийнинг адабий фаолияти замондошлари Лутфий, Гадоий, Атоий каби Навоий ижодига ҳам катта таъсир кўрсатган; ўзбек дунёвий лирикасини ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатдан бойитган. Шоир ғазаллари ва қасидалари девон қилиб тўпланган бўлсада, тўлиқ нусхаси бизгача етиб келмаган. Саккокий девони Лондонда, Британия музейида ва Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида (инв. № 7685) сақланади.
Ас: Танланган асарлар, Т., 1960.
Ад.: Рустамов Э., Узбекская поэзия в первой половине XV века, М., 1963; Маллаев Н., Ўзбек адабиёти тарихи, 1китоб, 2нашр, Т., 1976; Маънавият юлдузлари, Т., 2001.