САИДРИЗО АЛИЗОДА

САИДРИЗО АЛИЗОДА (1887 Самарқанд — 1945, Владимир ш.) — маърифатпарвар олим, журналист, таржимон. Асарларини, асосан, ўзбек ва тожик тилларида ёзган. Илк таҳсилни Самарқанднинг Чорраҳа даҳасида Абулқосим Алганжийнинг жадид мактабида олган. Сунг шу мураббий қўлида мадрасани тугатган. 1924 й. дан «Зарафшон» нашриётида мудирлик қилган. 30й. ларда Самарқанд Педакадемиясида араб ва форс тилларидан дарс берган. Мустақил мутолаа билан шуғулланиб, рус, француз, араб, итальян, яҳудий, курд, арман, инглиз, урду тилларини урганган. 17—18 ёшларидаёқ «Низомнома» (1904), «Рисолат улиттиҳодия» (1906) каби рисолалари билан танилган. Айни пайтда 1905—07 й. ларда Димуровлар босмахонасида ҳарф терувчилик қилган, мақолалар ёзган. Жадид мактаблари учун «Илми ҳисоб» (Самарқанд, 1906) дарслигини тузган. Мақолалари «Баҳлул», «Замбур», «Коргар», «Ситамдийда», «Мулла Жамбул», «Ранжбар», «Боғишамолий» каби тахаллуслар билан босилган. 1913— 15 й. ларда Беҳбудийнинг «Ойна» жур. да яқиндан ҳамкорлик қилган. 1917—20 й. ларда ўзбек ва тожик мактаблари учун «Алифбе» китоблари тузиб нашр эттирган. «Бахт асри» романи ҳам бор. Пушкин («Дубровский», «Капитан қизи»), Лев Толстой («Тирилиш»), Мопассан («Дўндиқ»), Қодирий («Утган кунлар», «Меҳробдан чаён») асарларини тожикчага таржима қилган. Самарқанд ш. да уй-музейи бор, мактаб, кўча, мавзе унинг номи билан аталади.

1937 й. да камалган ва сиёсий маҳбусликда вафот этган.

Бегали Қосимов.