САИДЖОНОВ Мусожон Йўлдошевич (1893, Бухоро 1937.25.10, Тошкент) — Бухорода жадидчилик ҳаракатининг намояндаси, маърифатпарвар, тарихчи олим, проф. (1935). Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил кўрган. Когондаги рус-тузем мактабини тугатган (1908). 1913 й. дан Ёш бухороликлар партияси сафида. Колесов воқеасидан кейин Бухорони тарк этган. Тошкентда ўқитувчилар ин-тини тугатгач, Хўжандда муаллимлик қилган ва театр тўгаракларида қатнашган. Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) тузилгач, Саиджонов озиқ-овқат нозири (1920 й. сент. —1921 й. март), иқтисодиёт нозири муовини (1921 й. март — авг.), давлат назорати нозири (1921 й. окт. 1922 й. янв.), ЧК (Фавқулодда комиссия) раиси (1921 й. авг. — сент.), молия нозири (1922 й. фев. — апр.), Халқ Хўжалик Олий Кенгаши раиси муовини (1922 й. окт. — 1923), маориф нозири (1923 й. июнь — 1924). Бухоролик талабаларни Германияга ўқишга юбориш ташаббускорларидан бири. «Миллий иттиҳод» ташкилоти фаолиятида қатнашиб, А. З. Валидий билан яқин алоқада бўлган. Саиджонов Бухоро илмий жамиятини тузиш (1921) да фаол қатнашган ва БХСР да маориф муассасаларини ташкил қилиш, меъморий обидаларни муҳофазалаш, тарихий қўлёзмаларни тўплаб, уларни тартибга солиш, халқ оғзаки ижоди намуналарини тўплаш каби ишларда жонбозлик кўрсатган. Ўзбекистон тарихий ёдгорликларини муҳофаза қилиш қўмитаси раиси, унинг Самарқанд бўлими илмий ходими (1925 — 36). Саиджонов ўзбек олимларидан биринчи бўлиб шарқшуносларнинг Ленинградда бўлган 3-конгресси (1935) да қатнашган ва Кўчкунчихон мақбараси ҳақида илмий маъруза килган. Илмий фаолияти учун олимга профессор унвони берилган. «Шаҳрисабз меъморий ёдгорликлари тарихи», «Самарқанднинг меъморий ёдгорликлари», «Шайх Сайфиддин Боҳарзийнинг вақфномаси» номли асарлар муаллифи. Саиджонов ўзбек давлатчилиги тарихи масалаларини холис тадқиқ қилгани, маданий меросга ҳурмат билан ёндошгани, «Миллий иттиҳод» ташкилоти фаолиятига катнашгани учун совет режими томонидан Самарқандда қамоққа олинган (1937 й. 13 апр.) ва отиб ташланган. 1965 й. 2 дек. да окланган.
Ад.: Хўжаев Ф., Бухоро инқилобининг тарихига материаллар, Т., 1997; Ўзбекистоннинг янги тарихи, 2 китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000.
Қаҳрамон Ражабов, Камол Раҳмонов.