САИДАЗИЗОВ

САИДАЗИЗОВ Саидрасул (1866 Тошкент — 1933.3.2) — маърифатпарвар, шоир, таржимон. Тошкентда Маҳмуд дастурхончи мадрасасида таҳсил кўрган, рус-тузем мактабини тугатган (1900). Ўзи ўқиган мадрасада мударрислик қилган, рус-тузем мактаби, ўқитувчилар семинариясида «шарқия муаллими» бўлиб ишлаган (1900 й. дан). Москва ва Петербургга саёҳат қилган (1910). Таассуротлари «Туркистон вилоятининг газети»да босилган (191011). В. В. Бартольд, А. Н. Самойлович, Саидазизов Граменицкий каби рус зиёлилари билан дўстона муносабатда бўлган. А. ўзбек, тожик ва араб тилларида ижод қилган. Ғазал, фард, рубоий, таърих ва б. жанрлардаги шеърлар, публицисток мақолалар, «Устози аввал» дарслиги (1902) муаллифи. Ғазаллари ишқий мавзуда, бошқа шеърларида илм-маърифатли бўлиш, одоб, ахлоқлилик улуғланган. Тошкентда янги усуддаги махаллий мактаблар очган, уларни рус-тузем мактабларидаги таълим-тарбия методикаси асосида ишланган дастур ва дарсликлар билан таъминлаган, ўқитувчилик ҳам қилган. «Товуш усули» («Усули савтия») методидаги «Устози аввал» дарслиги 17 марта нашр этилган. У И. А. Крилов («Тулки билан узум», «Зулук билан илон» ва б.), Л. Н. Толстой («Қишлоқи бирла боласи», «Фатонат» ва б.), асарларини ўзбек тилига илк бор шеърий таржима қилган.

Ад.: Шарипов Ж., Бадиий таржималар ва моҳир таржимонлар, Т., 1972; Юсупов Ш., Фурқат йўлларида, Т., 1984. Қосимов Б., Долимов У., Маърифат даргалари, Т., 1990.

Бегали Қосимов.