САИД ШОЛИКОРБОЙ МАЖМУАСИ

САИД ШОЛИКОРБОЙ МАЖМУАСИ — Хивадаги меъморий ёдгорлик. Савдогар Саид Шоликорбой қурдирган (1842). Мажмуа (33,0×32,0 м) 2 ҳовли, масжид, Мадраса, айвон ва минорадан иборат. Масжид тўғри тўртбурчак тарҳли (24,4×21,2 м), бал. 12 м., 9 гумбазли, 4 устунли марказий гумбази равоқсимон багалларга таянган, диаметри (4,8 м)нинг кенглиги билан ажралиб туради. Масжидга айвон орқали 3 бўлмали 3 эшикдан кирилади. Айвондаги устунларда маҳаллий ёғоч уймакорлигининг энг яхши анъаналари акс эттирилган. Устунлардан бирида 1797 й. санаси сақланган. Айвон деворларига ганчдан ўймакори усулда намоенлар ишланган. Масжидга шим. дан ҳовли туташ бўлиб, ҳовлининг ярмисини айвон эгаллаган. Мадраса (14,6×4,2 м) масжид шарқидаги кичик ҳовли атрофидаги тартибсиз жойлашган бир неча хонадан иборат. Шарқий ва шим. томонидаги ҳужралар 2 қаватли. 1-қавати токчали, 2-қавати деразали. Мадраса ва масжидга киравериш оралиғида минора (диаметри — 4,5 м) қад кўтарган. Танаси безакларга бой. Тепасидаги шарафасининг остига равоқсимон мезана ишланган. Бош тарзидаги пештоқ безагида «бантак» услуби қўлланилган. 1983 й. да қайта таъмирланган. Ҳоз. кунда мажмуада Хива жоме масжиди жойлашган.