САИД ОТАЛИҚ МАДРАСАСИ — Сурхондарё вилояти Денов ш. даги меъморий ёдгорлик (16-а.). Хожа Алоуддин Атторга атаб қурилган. Айтишларича, бу зот Баҳоуддин Нақшбанднинг куёвлари бўлиб, у кишининг икки халифаларидан бири. Бу киши дафн қилинган қабрлари ҳозир «Шайх Аттори Валий» ёки «Остона бува» дейилади. Мадраса у кишининг ўғиллари ва неваралари томонидан 26 й. давомида қурилган. Қурилишда уста Аҳмад Мамат Бухорий бошқош бўлган. Пойдеворининг чуқ. 5,5 м. Мадраса шим,жан. га томон чўзилган тўгри тўртбурчак тарҳли (46×64 м), бурчакларига гулдасталар ишланган. Пештоғининг 2 ён томонида 2 қаватли 3 равоқли пешайвони бор. Пештоқ орқали кираверишда миёнсарой (бир неча бўлимдан иборат), унинг 2 ёнида чортоқ тархли масжид ва дарсхона бор. Миёнсарой гумбази қалқонсимон қаносларга, масжид ва дарсхона гумбазлари тоқиларга таянган. Ҳовли (40×29,5 м) атрофида олди чуқур равокли, 2 қаватли ҳужралар жойлашган. Пастки қаватдаги ҳужралар ҳажми 4,75×2,75 м ва юқорисидаги ҳужралар ҳажми 2,75×2,25 м, томи балхи гумбазли. Пештоғи ва ички хоналарида миёнсарой равоқларида ганчкори безаклар ва ички бўртма қобирғасимон, муқарнас нақшлар сақланган. Ҳужра деразаларига ганчдан панжаралар ишланган. 1956—60 ва 1972—73 й. ларда илмий ўрганилиб, лойиҳа асосида таъмирланмоқда.
Ад.: Аршавская З. А., Ртвеладзе Э. В.,Хакимов З. А., Средневековые памятники Сурхандарьи, Т., 1982.