САИД АЛОВИДДИН МАҚБАРАСИ

САИД АЛОВИДДИН МАҚБАРАСИ — Ичан қалъадаги меъморий ёдгорлик (14-а.). Сўфи Амир Кулол томонидан устози шайх Аловиддин қабри устига қурилган. Мақбара (13,0×10,4 м) пештоқли, зиёратхона ва гўрхонадан иборат. 14-а. 1-ярмида пештоқи жан. га қаратиб гўрхона бунёд этилган. Гўрхонанинг ғарбида зиёратхона (18а.) қад ростлаган. Хоналар гумбаз томли, зиёратхонага пойгумбаз дарчасидан ёруғлик тушиб туради. Ичкариси ганч сувок, қилинган. Гўрхонадаги сағаналар бўртма кошинкор нақшлар билан безатилган. Уларнинг бирида араб ёзувида Саид Аловиддиннинг вафоти ёзилган (1303 й. 18 март). Сағана супа шаклида бўлиб, бурчакларида бежирим устунчалар бор, улар пиромони банди румий деб аталувчи ҳандасий шаклга эга. Супа деворларидаги мадоҳилсимон намоён нафис ишланган. 1825 й. да меъмор Ҳуббиқулихўжа ўғли Ҳамидхўжа томонидан қулаб тушган пештоқи қайта тикланиб, гумбаз, сағана, зиёратхона деворлари таъмир қилинган. Зиёратхона деворларида форс тилида (арабча настаълиқ ёзувида) бинонинг қурилиши ва меъморлари тўғрисида маълумотлар берилган. 1957 й. да И. Ноткин ва В. Булатова томонидан илмий жиҳатдан ўрганилган. Хива ш. нинг 2500 й. лик юбилейи арафасида мақбарада таъмирлаш ишлари ўтказилди.