САИД АҲРОРИЙ

САИД АҲРОРИЙ, Муҳаммад Саид Абдурашидхўжа ўғли Аҳрорий (1895, Макка — 1931.25.4, Москва) — жамоат арбоби, журналист. Асли хўжандлик бўлиб, Туркистон руслар томонидан забт этилгач, ота-онаси Маккага, ундан Туркиянинг Истанбул ш. га кўчиб борган. Саид Аҳрорий 1911—12 й. ларда «Турон таъмими атфол» жамиятида масъул котиб. Исмоил Гаспринский ва Маҳмудхўжа Беҳбудий билан учрашди (1912). 1-жаҳон урушида иштирок этди. 1917 й. Февраль инқилобидан кейин Тошкентга келиб, мактабларда дарс бера бошлади. «Турк сўзи» газ. муҳаррири (1917). Саид Аҳрорий, Муҳаммад Сайд, Тайфун, Қояалп тахаллуслари билан газ. ва жур. ларда шеър, мақолалар ёзди. Бухоро давлат нашриёти раҳбари, «Озод Бухоро» газ. маъсул муҳаррири, БХСРнинг Озарбайжондаги сиёсий вакили (1920—21). Унинг «Бухоро жўғрофияси» (Ёқубов билан ҳамкорликда, 1923), «Хотин-қизларга тортиқ» (1924), «Ўзбек атамалари луғати» (1926) китоблари чоп этилган, драмаси (1929) ўзбек драма театрида қўйилган. 1930 й. «Миллий иттиҳод» ташкилотига аъзоликда айбланиб ҳибсга олинган. 1989 й. оқланган. Истиқлол муносабати билан Саид Аҳрорийнинг Танланган асарлари нашр этилди (2001). Ад:. Аҳророва Ҳ., Изларини излайман, Т., 1998.