САИД АҲМАДХЎЖА МАДРАСАСИ

САИД АҲМАДХЎЖА МАДРАСАСИ — Марғилондаги меъморий ёдгорлик (19-а. охири). Мадраса тарҳи 42,3Х44,0 м. Ҳовли (31,6×28,4 м) шим. шарқий ва жан. томондан ҳужралар б-н, ғарбдан қўш синчли, олди айвонли масжид билан ўралган. Ҳовли ўртасидан эни 1,5 м ариқ ўтган. Ариқ яқинида кекса чинор қад кўтарган. Мадраса ташқи томондан текис бўлсада, лекин ҳовли томондан қурилган кунгурадор деворлар билан ажратиб ишланган қатор меҳробий равоқлар ҳужраларни янада салобатлироқ кўрсатади. Хонақоҳ (14×7 м) туташ харилар билан ёпилган, шифти қизил ва яшил чизиқлар билан ажратилиб, орасига гуллар ва чирмашган новдалар тасвири ишланган. Тоқи ва тўсинлардаги гул нақшлар майдароқ, хона девори ганчдан занжира ҳамда «қирма» услубидаги арақи сарров б-н безатилган. 1985 й. да таъмирланган.