САИД АҲМАД

САИД АҲМАД (тахаллуси; асл исм-шарифи Ҳусанхўжаев Саидаҳмад) (1920.10.6, Тошкент) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980). Ўзбекистон Қаҳрамони (1999). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1968). Тошкент рассомлик билим юртида, Тошкент педагогика ин-тида ўқиган (1940—43). «Муштум» жур. (1938—39; 1955—57), «Ёш ленинчи» газ. (1940—41), Ўзбекистон радиоқўмитаси (1941 — 43)да, «Қизил Ўзбекистон» газ. (1943 — 47) ва «Шарқ юлдузи» (1948 — 50; 1957—59) жур. да адабий ходим.

Биринчи ҳикоялар тўплами — «Тортиқ» (1940). «Эр юрак» (1942), «Фарғона ҳикоялари» (1948), «Чўл бургути» (1960), «Чўл оқшомлари», «Одам ва бўрон» тўпламларига кирган ҳикояларида замондошларининг мураккаб тақдири, руҳий кечинмалари эҳтирос билан акс эттирилган. Саид Аҳмад ўз ҳикояларида Ойбекнинг психологик тасвир маҳорати, Ғафур Ғуломнинг юмори, Абдулла Қаҳҳор баёнидаги лаконизмдан ўрганишга интилган ва улар ижоди Саид Аҳмаднинг ёзувчи бўлиб етишишида «дарслик» вазифасини ўтаган. Айни пайтда у ҳажвчи, юморист сифатида танилган. Ижодининг каттагина қисми ҳажвий-юмористик ҳикоялар, қиссалар, комедиялардан иборат. Романларида ҳам юмористик йўналиш муҳим ўрин тутади. Унинг юмористик маҳорати «Келинлар қўзғолони» (1976), «Куёв» (1986) комедияларида ёрқин намоён бўлган. «Келинлар қўзғолони»даги халқона юмор б-н йўғрилган Фармон биби миллат менталитетини, ўзлигини, кучли ва ожиз жиҳатларини ўзида мужассамлаштирган бетакрор образ даражасига кўтарилган.

«Уфқ» трилогияси (1964—74), «Жимжитлик» романи (1988) адиб ижодида алоҳида ўрин тутади. «Уфқ» романи 20а. миллат ҳаётининг ўн йиллик даври — 2-жаҳон уруши, уруш ва урушдан кейинги йиллар воқеаларини ўз ичига олади. Трилогияда ўша йиллари халқ бошига тушган мусибатлар, одамлар кўксидаги армонлар, шу мусибатларни енгишга қодир мислсиз матонат ва шижоатлар ёзувчи истеъдодига хос эҳтирос, зўр илҳом билан акс эттирилган. Асарда Икромжон, Жаннат, Азизхон, Дилдор, Асрора каби теран, халқчил, ёрқин миллий образлар яратилган. «Жимжитлик» романида эса сиртдан тинч, сокин кўринган шўро даврининг ички драмалари, тузум инқирози бутун кескинлиги, шиддати б-н кўрсатилган. Асардаги деярли барча етакчи персонажлар фожеий қисмат эгаларидир. Роман ўзининг асов, «бебош» ифода тарзи билан жозибалидир.

Саид Аҳмад истиқлол йилларида ҳам ҳаётдаги ўзгаришлар ҳақида кўплаб мақола, бадиалар ёзди, аввалгидек қувноқ юмористик, жўшқин лирик ҳикоялар яратди. «Хандон писта» (1994), «Бир ўпичнинг баҳоси» (1995) ҳажвий тўпламлари, «Йўқотганларим ва топганларим» (1998), «Қоракўз мажнун» (2001), «Киприкда қолган тонг» (2003) китоблари, 3 жилдли «Танланган асарлари» (2000) чоп этилди. «Йўқотганларим ва топганларим»да Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, Шайхзода, Саида Зуннунова ва б. бир қатор забардаст ўзбек ёзувчи ва шоирларининг жонли қиёфасини бадиий бўёқларда ифодалаб берди. Истиқлол туфайли одамлар қисмати ва руҳиятидаги эврилишлар ҳақида баҳс этувчи «Қоракўз мажнун», «От билан суҳбат», «Азроил ўтган йўлларда» ҳикоялари, қатағон даври хотиралари билан боғлиқ «Борса келмас дарвозаси», «Тақдир, тақдир…», «Офтоб ойим» ҳикоялари, адибнинг ўзи яқиндан мулоқотда бўлган устоз адиблар, тенгдошлари, шогирдлари ва, ниҳоят, ўз ҳаёт ва ижод йўли ҳақидаги хотираэсселари мустақиллик даври ўзбек адабиётида муҳим ҳодиса бўдди. Саид Аҳмад гагина хос нозик кузатишлар, эркин, асов бир руҳ, ҳам ҳазин, ҳам нурли, покиза туйғулар, беғубор ҳазилмутоибалар билан йўғрилган хотираэсселар бу жанрнинг замонавий ўзбек адабиётидаги энг яхши намуналари қаторида туради. Фельетон жанрида хам самарали ижод қилган. 1947 й. «халқ душмани» сифатида ҳибсга олинган. Сталин вафотидан сўнг оқланган. «Келинлар қўзғолони», «Куёв» комедиялари ҳоз. Ўзбек миллий академик театрида, «Келинлар қўзғолони» дунёнинг кўплаб мамлакатларида саҳналаштирилган. «Уфқ» асари асосида драмалар, «Ўзбекфильм» киностудиясида «Муҳаббат можароси» фильми (1970) ва б. яратилган. «Дўстлик» (1996), «Буюк хизматлари учун» (1997) орденлари билан мукофотланган.

Ac: Уфқ, Т., 1976; Сайланма [3 ж. ли], 1982; Танланган асарлар [3 ж. ли], Т., 2000; Қоракўз мажнун, Т., 2001; Киприкда қолган тонг, Т., 2003.

Ад.: Норматов У., Сайд Аҳмад [Адабий портрет], Т., 1971; Ғафуров И., Прозанинг шоири, Т., 1984.

Умарали Норматов.