САЪДУЛЛАЕВ

САЪДУЛЛАЕВ Лутфулла (1940.18.12, Тошкент) — актёр, реж. Ўзбекистон халқ артисти (2001). Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тини тугатган (1965). 1963 й. дан Ёш томошабинлар театри актёри. Саъдуллаев ижро этган роллари инсон қалбига яқин бўлиб, томошабинни ўзига ҳамдард қила олиши, образлар характери, дунёқараши, қаҳрамонлар ички дунёсининг рангбаранглиги, бой ва кенглиги билан ажралиб туради. Мусо Жалил («Мусо Жалил»), Бунёд («Семурғ»), Ибн Сино («Донишманднинг ёшлиги»), Ҳамза («Қалдиргочлар»), Қори («Тобутдан товуш»), Шоғулом («Жанжал»), Омон («Шум бола»), Мирқосим («Заҳарли томчилар»), Ибн Малъун («Минг бир кеча») каби роллари билан танилган. У кўпгина телефильм, видеофильм ва телепостановкаларда ҳам кўплаб роллар ўйнаган: Берди («Қисмат»), Абдулла («Одам бўлиш қийин»), Алимардон Тўраев («Баҳор қайтмайди»), Маҳкам («Уч илдиз») ва б. Шунингдек, Саъдуллаев «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» кўрсатувининг фаол иштирокчиларидан. Реж. сифатида ҳам ижод қилиб, «Адашганлар» (Т. Қозоқбоев), «Тинибтинчимас бувижон» (Л. Саъдуллаев), «Гап йўқ, қўзичоқ» (С. Сирожиддинов), «Болалар ШОУ», «Зумраша», «Ривоят» (ҳ. Низомитдинов) каби спектаклларни саҳналаштирган. 2003 й. у кинорежиссёр сифатида «Мунис онам» фильмини экранлаштирди.