САДРИЕВА

САДРИЕВА Зайнаб (1914.25.10, Астрахон — 1991.31.10, Тошкент) — Ўзбекистон халқ артисти (1952). 1930—33 й. лар ўзбек ишчи-ёшлар театрида, 1933—87 й. лар Ҳамза театрида, 1987 — 91 й. лар Аброр Ҳидоятов номидаги театрда ишлаган. Актрисанинг ўзига хос истеъдоди қисмати оғир, лекин иродаси кучли аёллар характерини яратишда монументал образлари очилди. Кручинина («Айбсиз айбдорлар»), Любовь Яровая («Любовь Яровая»), Христина («Рўйхатларда йўқ») ва б. шулар жумласидан. Шунингдек, Садриева ижодида қаттиққўл, ҳукмини ўтказишга ўч аёллар образи алоҳида ўрин тутади: Гавҳаршод бегим («Мирзо Улуғбек»), Тангабека («Ой тутилган тунда»), Ҳожиона («Бой ила хизматчи») ва б. Мумтоз асарлардаги Мильфордхоним («Макр ва муҳаббат»), Гертруда («Ҳамлет»), Васса, Глафира («Васса Железнова», «Сўнгги қурбон») каби образлари ижтимоий ва психологик жиҳатдан теран ва тугаллиги билан ажралиб туради. Айниқса, Садриева яратган Фармонбиби («Келинлар қўзғолони») миллий бўёқларга бойлиги, ҳаётийлиги билан катта муваффақият қозонди. У бир қанча фильмлар [«Ганг дарёсининг қизи» (Чата Патхаяхоним), «Суюнчи» (Анзират), «Армон» (ошпаз аёл) ва б. ]да ҳам суратга тушган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1979).