САДОИЙ

САДОИЙ Мирҳасан (18-а. 2-ярми — Фарғона — 1820) — шоир. Ҳаёти ва ижодига оид айрим маълумотлар Дилшод Отиннинг «Тарихи муҳожирон» асарида учрайди. Ҳувайдонинг шогирди, кўпчилик шеърлари унинг ғазалларига ҳамоҳанг. Ҳофиз, Навоий, Машраб адабий анъаналарини давом эттирган, ғазалларига назиралар битган. Шеърларида дунёвий севги, дўстлик, ахлоқий фазилатлар, илм-маърифат куйланган, ижтимоий ноҳақликлардан шикоят қилган. Лирикаси ҳам ижтимоий мавзуда («Салом», «Бўлмади» ва б.). Бизгача 168 ғазал, 1 мухаммас, 1 мусаддас, 1 мувашшаҳ, 2 чистон — 1800 мисрадан иборат девони (Тошкент, 1916) етиб келган, қўлёзмаси топилмаган.

Ад.: Қаюмов А., Қўқон адабий мухити, Т., 1961; Асрлар нидоси, Т., 1982.