САДОИ ТУРКИСТОН

«САДОИ ТУРКИСТОН» («Туркистон овози») — жадидларнинг ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий газетаси. 1914 й. 4 апр. дан 1915 й. 10 апр. га қадар Тошкентда ўзбек тилида нашр қилинган. Газ. Убайдулла Асадуллахўжаев (Хўжаев) томонидан ташкил этилган ва унинг муҳаррирлигида фаолият кўрсатган. «СТ.» В. М. Ильиннинг хусусий босмахонасида, ҳар бир сони ўртача 1000 нусхадан чоп килинган, обуна ва чакана савдо йўли билан тарқатилган. Газ. ни ҳафтада 2 марта чиқариш кўзланган бўлсада, аммо бунга эришилмаган. Газ. ҳафтада 1 марта 4 саҳифада босилган.

Газ. таҳририятининг ўзагини 20-а. бошидаги ўзбек маърифатпарвар адабиёти ва публицистикасининг етакчи намояндалари Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдурауф Музаффаровлар ташкил этган. Улар бош муҳаррир У. Асадуллахўжаевга газ. фаолиятини йўлга қўйишда фаол кўмаклашганлар. Газ. қиёфасини белгилайдиган асосий мақолаларни ҳам шулар ёзишган. «Садои Туркистон» да даврнинг Тўлаган Хўжамёров (Тавалло), Абдулҳамид Сулаймонов (Чўлпон), Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Мирмуҳсин (Шермуҳамедов), Абдулла Қодирий, Холид Сайд, Саидносир Миржалилов, Мўминжон Муҳаммаджонов, Абдулла Эрғозиев, Нўширавон Ёвушев, Сиддиқий, Лутфулла Олимий, Иброҳим Даврон, Шокиржон Раҳимий каби миллатпарвар адиб ва зиёлилари фаол ҳамкорлик қилганлар.

Туркистоннинг маънавий-маърифий юксалишига кўмаклашиш мақсадида чиқарилган бу газ. да миллий таълимни замонавийлаштириш, миллат дардини акс эттирувчи адабиёт ва санъат яратиш, миллат онгини юксалтиришга хизмат қилувчи матбуотни ривожлантириш, аёлларни ижтимоий ҳаётга жалб қилиш, ахлоқий тарбияни кучайтириш ва б. давр учун долзарб муаммолар кенг ёритилган.

«Садои Туркистон» юртпарварлик, миллатпарварлик, маърифатпарварлик каби олижаноб ғояларни изчил тарғиб қилган, Туркистон истиқлоли ва истиқболининг маънавийахлоқий негизларига дахлдор муаммоларни дадил кўтариб чиққан. Газ. асосий эътиборни миллий тараққиётни юзага чиқаришга қодир бўлган маърифатли, инсофли, диёнатли инсонларни тарбиялашга йўналтирдики, бу унинг тарихий хизматидир. Миллий ҳисларни тарбиялашдаги собитлиги жиҳатидан «Садои Туркистон» ўша даврдаги миллий матбуот нашрлари сафида олдинги ўринда туради. Газ. фаолияти моддий қийинчиликлар туфайли тўхтаган. Жами 66 сони чиққан, холос. У. Асадуллахўжаев 1916 й. да «СТ.» фаолиятини Андижон ш. да тикламоқчи бўлган. Бироқ Фарғона вилояти ҳарбий губернатори газ. ни чиқаришга рухсат бермаган.

Ад.: Абдуазизова Н. А., Туркистон матбуоти тарихи (1870-1917), Т., 2000.