САДОИ ФАРҒОНА

«САДОИ ФАРҒОНА» («Фарғона овози») — жадидларнинг ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий газетаси. Қўқонда 1914 й. 3 апр. дан 1915 й. 26 майга қадар ўзбектилида нашр қилинган. 1914 й. 17 июлдан «Ферганское эхо» номи билан ҳафтада 3 марта рус тилида ҳам чиққан. Газ. ни қўқонлик тараққийпарвар зиёли ва тадбиркор Обиджон Маҳмудов (тахаллуси Обид Чатоқ) ташкил этган. Газ. хусусий босмахонада 4 саҳифада, тахм. 500—600 нусхада чоп қилиниб, асосан, қўлда тарқатилган. Таҳририятнинг таркиби 3 киши — О. Маҳмудов (ношир ва муҳаррир), Ашурали Зоҳирий (адабий ходим, мусаҳҳиҳ), Усмон Нурийдан (рус тилидан ўзбекчага таржима қилиш билан шуғулланган) иборат бўлган. О. Маҳмудов ва А. Зоҳирий газ. учун турли мавзуларда макрлалар ҳам ёзишган. «Садои Фарғона» да ўша давр ўзбек адабиети ва публицистикасининг таниқли намояндалари — Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулҳамид Сулаймонов (Чўлпон), Тўлаган Хўжамёров (Тавалло), Иброҳим Даврон, Саидаҳмад Васлий ва б. шеър ва мақолалари билан фаол ҳамкорлик қилганлар. «Садои Фарғона»да публицистик ва адабий жанрларда ёзилган асарлардан ташқари, Россия фирмалари, шунингдек, Қўқондаги тижоратчиларнинг молларини реклама қилувчи эълонлар ҳам босилган (3 ва 4 саҳифаларда). Газ. да маданиймаърифий мавзу марказий ўрин тутган. «Садои Фарғона» ёшларга дунёвий билимларни ўргатувчи замонавий (усули жадид) мактабларни изчил ташвиқ қилган, бу масала юзасидан мунозаралар уюштирган, миллатнинг ижтимоий онгини юксалтиришга хизмат қилувчи янги бадиий адабиёт, матбуот яратиш, халқ оммасига тушунарли адабий тилни шакллантириш, ёшлардан билимдон, маънавий баркамол мутахассислар етиштириш каби миллий тараққиётга доир долзарб муаммолар ҳақида баҳс юритган. Жами 122 сони чиқиб, сўнг тўхтатилган.

Ад.: Абдуазизова Н. А., Туркистон матбуоти тарихи (1870-1917), Т., 2000.